Зеленский санкциялар Россия энергетикасининг барча қисмларига қарши киритилиши ва Россия танкер флоти тўхтатилиши кераклигини таъкидлайди. Чунки Россиянинг 2025-йилга мўлжалланган ҳарбий бюджети ўтган йилгига нисбатан 25 фоиз кўпдир.
"Агар қотилликларни тўхтатмоқчи бўлсак, Путиннинг пул оқимини тўсишимиз керак. Путин фақат унинг яқин атрофидагилар унга пули тугаганини айтганидан кейингина тинчлик ҳақида ўйлай бошлайди," - деб таъкидлайди Зеленский.
Шунингдек, у Украина “Россияни тинчликка мажбурлаш” учун имкон қадар кўпроқ воситаларни қидираётганини айтди: “Биз ҳаммамиз тушунамиз – бугун Путиннинг мақсадлари ўзгаришсиз қолмоқда. У Украинани бутунлай йўқ қилмоқчи - бизни ҳам, сизни ҳам. Шунинг учун бизнинг мақсадимиз Россияни тинчликка мажбурлаш учун имкон қадар кўпроқ воситаларни топишдир".
Зеленский ўз нутқида Украина Қуролли кучларининг Курск операциясини кенг кўламли уруш бошланганидан бери "Украинанинг энг муҳим ғалабаларидан бири" деб таърифлади. Украинага қарши туриш учун Россия фронтдан 60 мингга яқин ҳарбийни жалб этишга мажбур бўлди: "Курск операциясини олайлик - бу нафақат ўтган йилдаги, балки бутун уруш давомидаги энг катта ютуқларимиздан биридир. Буни бартараф этиш учун Россия Украина фронтидан деярли 60 минг ҳарбийни олиб кетишга мажбур бўлди."
У 6-январ душанба куни Курск операцияси бошланганига беш ой тўлганини эслатди. Украина қўшинлари Россия ҳудудида буфер зонасини назорат қилишни давом эттирмоқда. "Россиянинг кўплаб таҳдидлари ва дадил даъволари, айниқса украиналикларнинг Курск вилоятига киришидан сўнг, ёлғон бўлиб чиқди. Ишончим комилки, агар биз ҳаммамиз биргаликда Россияни тинчликка ундаш учун янада кўпроқ ҳаракат қилсак, уларнинг таҳдидлари янада кўпроқ пучга чиқади," - деди Украина президенти.