«У мени ўзи билан олиб кетишни таклиф қиляпти. Мен унга чемоданманми, ўзи? Мени самолётга солиб, олиб кетмоқчими? Москвага нима бор?» — деди Зеленский Венгрия бош вазири Петер Мадьяр билан Берегово шаҳридаги учрашувдан сўнг Лукашенко ташаббусига муносабат билдириб.
Украина президенти Беларус раҳбарига муқобил таклиф ҳам билдирди.
«Лукашенко Путинни олиб, у билан бирга Киевга келсин. Биз уларни хавфсиз қабул қилишни кафолатлаймиз. Марҳамат, ахир бу музокаралар-ку», — деди Зеленский.
Шу билан бирга, у бундай таклифларни жиддий деб ҳисобламаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, уруш давом этаётган шароитда Москвада ҳам, Киевда ҳам бундай учрашув ўтказилиши мумкин эмас. Зеленский бундай ташаббуслар урушни якунлашга яқинлаштирмаслиги, аксинча, ахборот маконини ортиқча хабарлар билан тўлдиришини қайд этди.
Аввалроқ Александр Лукашенко Франциянинг Le Point журналига берган интервьюсида Зеленскийни Путин билан учрашув учун Москвага шахсан кузатиб боришга ва Украина президенти хавфсизлигининг кафили бўлишга тайёрлигини билдирган эди.
Унинг фикрича, Россия, Украина ва Беларус иштирокидаги уч томонлама музокаралар урушни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш жараёнини тезлаштириши мумкин.
Лукашенко, шунингдек, Зеленский ушбу таклифни рад этган тақдирда, Украина президентининг ўзи қурол билан фронтга бориши кераклигини айтган.