Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, айрим халқаро авиакомпаниялар Россия аэропортларига амалга ошириладиган парвозларни бекор қила бошлади.
Зеленский бу ҳақда анъанавий кечки видеомурожаатида маълум қилди. Бироқ у гап айнан қайси авиакомпаниялар ҳақида кетаётганини аниқлаштирмади.
«Россия осмонида объектив равишда мавжуд бўлган дронлар таҳдиди ҳақидаги баёнотимиздан сўнг, дастлабки авиакомпаниялар Россия аэропортларига парвоз қилишдан бош тортаётгани ҳақида маълумот олмоқдамиз», — деди Зеленский.
Унинг таъкидлашича, бу Россия бошлаган ва Путин тугатишни истамаётган уруш шароитидаги воқеаларга нисбатан «тўғри ва мантиқий муносабат» ҳисобланади.
Зеленский, шунингдек, Украина томони халқаро ташкилотлар ва ҳамкорларни Россия ҳаво ҳудудидаги «ҳақиқий вазият» ҳақида расман хабардор қилганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрь куни Зеленский авиакомпанияларни Россия осмони тобора хавфли бўлиб бораётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Кейинчалик Киев Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига (ИКАО) Россия ҳаво ҳудудидаги хавфлар ҳақида расман маълумот бериб, фуқаролик авиацияси хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришга чақирган.
Россия президенти Владимир Путин Зеленскийнинг бу баёнотларини «давлат терроризмига уриниш» деб атади. Россия Транспорт вазирлиги эса мамлакат авиация хизматлари фуқаролик авиацияси фаолиятида жиддий узилишларга йўл қўймаслигини маълум қилди.
Шу билан бирга, Pegasus Airlines ва Turkish Airlines Туркиядан Москвага амалга оширилиши режалаштирилган айрим рейсларни бекор қилди. Pegasus 2 сентябрь куни Россияга режалаштирилган парвозлар «техник ва операцион сабаблар» туфайли бекор қилинганини маълум қилган.