Сара Нетаньяҳу 14-каналга берган интервьюсида Голан 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужуми ҳақида олдиндан билганини даъво қилган. Унинг айтишича, Голан ҳужум бошланган пайтдаёқ воқеа жойи яқинида бўлган.
Голан бу айбловларни «ёлғон фитна назарияси» деб атаб, оммавий раддия ва 2,5 миллион шекел (тахминан 826 минг доллар) товон талаб қилди. У маблағни Nova фестивалидаги фожиадан омон қолганларга беришини билдирган.
24 соатлик муддат тугаганидан сўнг Сара Нетаньяҳу узр сўрашдан бош тортди.
Унинг адвокати эса баёнотни ҳарбийларга нисбатан «сарказм» деб атаб, Голандан узр ва 100 минг шекел товон талаб қилди. Акс ҳолда оила номидан 1 миллион шекеллик қарши даъво киритилиши билан таҳдид қилди.
Биньямин Нетаньяҳу можарони юмшатишга уриниб, «7 октябрда хиёнат эмас, инқироз бўлган», деди.
Голан эса ўз талабларида қатъий қолиб, ишни судга оширишини билдирди. У ҳокимиятга келган тақдирда 7 октябрь фожиасини тергов қилиш учун давлат комиссияси тузишга ваъда берди.