Украина Хавфсизлик хизмати россиялик мухолифатчига қарши терактнинг олди олинганини маълум қилди
Украина Бош прокурори матбуот хизмати терактнинг олдини олиш бўйича махсус амалиёт ўтказаётган Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) ходимларига қилинган ҳужум ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берди. Хабарга кўра, УХХ ходимлари Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) томонидан уюштирилган террорчилик ҳаракати иши бўйича" тергов ҳаракатларини олиб бораётган вақтда уларга қуролланган бир гуруҳ шахслар ҳужум қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Украина Мудофаа кучлари бўлинмаларидан бирига мансуб бўлган ҳужумчилар қўлга олинган. Хабарда айтилишича, улар орасида ярадорлар бор.
Аввалроқ Украина оммавий ахборот воситаларида Киевда УХХ ҳамда Бош разведка бошқармаси (ГУР) ходимлари ўртасида отишма содир бўлгани ҳақида маълумот тарқалган эди.
Шу куни УХХ, ГУР билан ҳамкорликда "Мустақиллик куни муносабати билан Украинага ташриф буюрган россиялик мухолифат сиёсий ҳаракати етакчиларидан бири"га нисбатан Россия ФХХ томонидан режалаштирилган терактнинг олдини олганини маълум қилди. Бу шахснинг исми ошкор этилмаган, бироқ бу ҳолат аввалроқ "Россия кўнгиллилар корпуси" бўлинмаси жанговар ишлар бўйича қўмондони ўринбосари Степан Каплуновнинг бедарак йўқолгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Каплуновнинг ғойиб бўлгани ҳақида "Россия кўнгиллилар корпуси" 1-сентябр куни хабар берган эди.
"Ҳар томонлама ва холис терговни таъминлаш муҳим. Бироқ ҳеч ким ҳарбий хизматчиларни ўғирлашга, шаҳарларимиз кўчаларида ўт очишга, жиноий буйруқлар беришга ва уларни бажаришга ҳақли эмас", — дея таъкидлади Украина президенти офиси раҳбари Кирилл Буданов.
Киритилди: 14:05 03.09.2026.
Ўқилди: 1764 марта.
Фикрлар сони: 0 та.