Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ томонидан мамлакатга ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари сотилиши масаласида ҳали ҳам аниқ жавоб берилмаётганини танқид қилди. Унинг таъкидлашича, Украина ўзининг ҳаво мудофаасини кучайтириш учун фаол ҳаракат қилмоқда, бироқ АҚШдан ҳеч қандай амалий ёрдам келмаяпти.
«Биз ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимимизни мустаҳкамлаш устида иш олиб боряпмиз. Бу йўналишда АҚШдан аниқ ва ижобий ишоралар жуда зарур. Биз ҳали ҳам Украинага ёрдам бериши мумкин бўлган ушбу тизимларни сотиб олиш таклифимизга жавобни кутяпмиз. Бизга сўзлар эмас, амалий қадамлар керак», — деди Зеленский ўзининг кечки видеомурожаатида.
Аввалроқ АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Қўшма Штатларда ортиқча Patriot тизимлари мавжуд эмаслигини маълум қилган эди.