Мамлакатимизда жорий йилнинг тўққиз ойида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 36 минг 889 нафар шахсга нисбатан 28 минг 730 та иш кўриб чиқилди. Қиёслаб кўрилганда, мазкур кўрсаткичлар 2017 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 37,9 фоиз, ишлар бўйича эса, 36,5 фоиз камайгани аён бўлади.
Ҳақиқатан ҳам, мен судья, қолаверса, жамиятимизнинг бир аъзоси сифатида жиноятчиликни жиловлаш масаласида жойларда ташкил этилаётган сайёр суд мажлисларининг аҳамиятини бошқа бирор-бир восита билан тенглаштириб бўлмайди, деб ҳисоблайман.
Жаҳон тажрибасида учрамайдиган бу ноёб мажлисларни, таъбир жоиз бўлса, оила даврасида ота ўз ўғлининг айбини муҳокама қилиб, фарзандининг чин дилдан пушаймон бўлиб турган вақтида уни бошқа хато қилмаслиги учун тегишли панд-насиҳатлар билан яна имкон беришига ўхшатгим келади.
Қувонарлиси шундаки, бундай вазиятларда айбдор томонидан берилган ваъда, аксарият ҳолатларда, сўзсиз бажариб келинган.
Яқинда шундай очиқ сайёр суд мажлиси жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди томонидан «Бодомзор» маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилди.
“7news.uz”га Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг раиси Ўктам Холиқовнинг маълум қилишича, ,
унда шу маҳалла фуқароси судланувчи Миржалол Хорунов томонидан содир этилган ўғирлик жинояти кўриб чиқилди.
Маълум бўлишича, судланувчи Зангиота тумани, Хонобод қўрғони, Қорасув маҳалласидаги автомобиллар ювиш шохобчасида ишлаб келган. У жорий йилнинг 2 майида ишга келаётиб, йўлда мижозларидан бири Ш. Эсоновни учратиб қолади. Ўзаро салом-аликдан сўнг Ш. Эсонов автомашинасини бугун ювдириш ниятида эканини айтади. Миржалол эса, унга одатдагидек, розилик билдиради.
Улар манзилга етиб келгач, Ш. Эсонов тезда қайтиб келишини айтиб, автомашинасини қолдириб кетади. У Миржалолга ишонгани туфайли автомашина юкхонасида 7 500 000 сўм борлигини айтади.
Миржалол эса, автомашина юкхонасида ўзганинг пулини кўриб, негадир унга эгалик қилгиси келади. Тилла топган девонадек қувониб, қўлга киритган пулларига вақтичоғлик қилиш мақсадида Самарқанд томонларга ғойиб бўлади.
Суд музокараларида маҳалла раиси судланувчининг оиласи жамоат ишларида ибрат кўрсатиб келаётганини таъкидлаб, уни кафилликка олишини билдирди.
Судланувчи Миржалол Хорунов сўнгги сўз олиб, қилмишидан қаттиқ пушаймонлигини айтди:
— Оқибатини ўйламай қилган ишимдан бугун қаттиқ афсусдаман. Бировдан кам жойим йўқ, хотиржам, тинчгина ишлаб юргандим. Енгил пул топаман, деб тўғри йўлдан адашдим. Шу кунгача ўзимдан ўтганини фақат ўзим биламан. Содир этган жиноятимнинг оқибатини ўйлайвериб, юзқароликдан адойи тамом бўлдим. Яқинларим олдида бошим эгилди. Қилмишимдан тўғри хулоса чиқардим. Суддан менга нисбатан имкон қадар енгил жазо беришингизни илтимос қиламан. Бугун маҳалладошларим, мени таниган-билган инсонлар гувоҳлигида астойдил ваъда бераманки, агар менга имкон берилса, ишончни оқлаб яшаш бундан буён қалбим амрига айланади. Яна шунга сизларни ишонтираманки, жабрланувчига етказган зараримни қисман қайтардим ва қолган пулларни ҳам қисқа фурсатларда тўлиқ тўлайман. Энди асло жиноят кўчасининг яқинидан ҳам ўтмайман. Буни тил учида айтилаётган гаплар, деб ўйламанг. Ўзимга бўлган ишончим қатъийлиги учун жамоатчилик олдида чин инсонийлик ваъдасини бериб турибман.
Суд судланувчи М. Хоруновга нисбатан жазо тайинлаш масаласини муҳокама қилиб, судланувчининг шахсини, айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан пушаймон бўлганлигини, муқаддам судланмаганлигини, оилавий шароитини, шунингдек, содир этилган жиноятнинг ҳусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олиб, унга нисбатан иш ҳақининг ўн беш фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йилу олти ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.
Суд муҳокамалари якунида хаёлимдан бир фикр кечди: халқимиз кечиримли бўлишни имондан, деб билади. Аслида ҳам шундай. Инсон борки, билиб-билмай тўғри йўлдан чалғиб, жиноят содир этиши мумкин. Шу боис чин пушаймонликда боши эгик туриб, қилмишидан тўғри хулоса чиқарган инсонга яна бир имкон бериш, унинг такрор жиноят этмаслигига ёрдамлашиш олий фазилатлардан саналади.
Тўғри, судланувчига нисбатан енгил жазо тайинланди. Бироқ, ишонамизки, у ўз қилмишидан тегишли хулоса чиқарди. Энди унинг зиммасида, ўзи ваъда берганидек, залворли масъулият бор. Мазкур масъулият юки уни ишончни оқлаш учун келгусида жамиятда муносиб ўринга эга бўлиб, бошқаларга ибрат кўрсатиб яшашга даъват этиб тураверади.
Зотан, сайёр суд мажлисидан кўзланган мақсад ҳам шундан иборат.