Саудия Арабистони иқтисодиёт ва сармоя соҳасида Ўзбекистоннинг муҳим ҳамкорларидан бири саналади. Икки давлат ўртасида сиёсатдан тортиб маданиятга қадар – турли соҳаларда алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Xabar.uz мухбири Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ал-Утайбийга бир неча савол билан мурожаат қилди.
– Элчи жаноблари, хабарингиз бор, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 ноябрь куни Риёз шаҳрида ташкил этилган навбатдан ташқари араб-ислом саммити қатнашди. Давлатимиз раҳбари олий даражадаги машварат доирасида Саудия Арабистони подшоҳлиги валиаҳди ҳамда бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан музокара ўтказди. Ушбу ташриф ва музокара якунини қандай баҳолайсиз?
– Ўзбекистон президентининг Саудия Арабистонига ҳар бир ташрифи ўзаро алоқаларда янги саҳифа очади. Бир ой аввал Риёзга амалга оширилган ташриф ҳам ана шундай муҳим ҳодисалар сирасига киради. Саудия Арабистони валиаҳди, бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ҳазрати олийлари ҳамда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг учрашуви ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади. Музокараларда икки давлат ўртасида кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва валиаҳд Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд. Риёз, 2024 йил 11 ноябрь. Фото: Президент матбуот хизмати
Эътибор берсангиз, бу йил давлатларимиз ўртасида ташриф ва делегациялар алмашуви янада фаоллашди. Жорий йил апрель ойида Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида Ўзбекистонга Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд ташриф буюрди. Ушбу ташриф доирасида Дипломатик ва махсус паспорт эгаларини ўзаро қисқа муддатли виза талабларидан озод этиш тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди.
Май ойида ташкил этилган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Энергетика вазиримиз шаҳзода Абдулазиз бин Салмон Ол Сауд қатнашди.
Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши мунтазам равишда ташкил этилмоқда. Айни пайтда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссиясининг еттинчи йиғилишини ўтказишга ҳозирлик кўрмоқдамиз. Самарқандда 2025 йил бошида ўтиши режалаштирилган йиғилишда бизнинг томондан Инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ қатнашади. Таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон билан ҳукуматлараро комиссиямиз Марказий Осиё давлатлари орасида энг фаол ва кучлиси саналади.
Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ҳамкорлиги юқори даражада экани икки давлат раҳбариятининг робиталарни янада ривожлантириш борасидаги сиёсий иродасининг ифодаси саналади.
– Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов куни кеча Саудия Арабистони билан ҳамкорлик барча йўналишларда, айниқса, иқтисодий соҳада мисли кўрилмаган ижобий суръатда ўсаётганини қайд этди. Саудиянинг мамлакатимизга сармоя киритиш борасидаги режалари билан ҳам ўртоқлашсангиз.
– Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзаро муносабатларимизни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатаётганини алоҳида қайд этишни истардим.
Вазир Бахтиёр Саидов ва элчи Юсуф ал-Утайбий. Тошкент, 2024 йил 10 декабрь. Фото: ТИВ
Инвестициялар кўрсаткичига келсак, Саудия Арабистони Ўзбекистонга сармоя киритаётган давлатлар рўйхатида учинчи ўринга кўтарилди. Ҳозирда сармоя миқдори 20 миллиард доллардан ошади. Биз бу рақамни 30 миллиард долларга етказмоқчимиз. Кўплаб соҳалар, жумладан, «яшил» энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаларига алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси, хусусан, энергетика соҳасида йирик лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
Ўзбекистон ҳукумати яратаётган қулай шароит, мақбул инвестиция муҳити бизни сармояни янада кўпайтиришга ундамоқда. Ниятимиз сармоя кўламини ошириб, Ўзбекистонга сармоя киритаётган давлатлар рўйхатида биринчи ўринга чиқишдир.
Саудия тараққиёт жамғармаси эса Ўзбекистонда инфратузилма лойиҳаларига 370 млн доллардан зиёд маблағ йўналтирган.
Инсонпарварлик ёрдами йўналишида ҳам ҳамкорлик давом этмоқда. Турли йўналишларда кўмак кўрсатиб келаётган Подшоҳ Салмон номидаги ёрдам ва инсонпарварлик ишлари маркази жорий йил октябрь ойида Тошкентда хайрия лойиҳасига ҳомийлик қилди. Саудиялик шифокорлар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда мураккаб кардиожарроҳлик амалиётларини ўтказдилар. Бир ҳафта мобайнида ўтказилган амалиётларнинг барча харажатлари хайрия фонди томонидан қопланди. Бу каби мураккаб юрак операциялари келгусида ҳам ўтказилади.
– Ўзбекистон 2023 йил 1 январдан бошлаб Саудия Арабистони фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилди. Саудия Арабистони ҳукумати ҳам ўзбекистонликлар учун виза тартибини бекор қилишни режалаштирмоқдами?
– Албатта, ўзаро борди-келдиларни кўпайтиришда виза тартибини енгиллаштириш муҳим ўрин тутади. Саудия Арабистони Ўзбекистон фуқаролари учун виза беришни енгиллаштирди. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари аэропортда виза олишлари мумкин. Шунингдек, «Саудияга ташриф буюринг» (Visit Saudi) деб номланган электрон платформа орқали ҳам осонгина виза олиш имкони яратилган.
Икки давлат ўртасида авиақатновлар кўпайди. Ўзбекистон авиаширкатларидан ташқари мамлакатимизнинг Flynas, Flyadeal каби компаниялари ўз рейсларини амалга оширмоқда. Ҳозирда Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳафталик авиақатновлар 25 тани ташкил этмоқда.
Виза тартиби соддалаштирилиши ва авиақатновлар кўпайтирилиши сайёҳлик оқими ошиши, фуқароларнинг борди-келдиларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистондан Умра зиёратига бораётганлар сони бир неча юз минг кишини ташкил этмоқда. Ҳожилар сони ҳам ошиб бормоқда.
Ўзбекистон сўнгги беш йилда эришган ютуқлари билан фахрланса арзийди. «Ўзбекистон–2030» тараққиёт стратегияси ва Саудия Арабистонининг «Нигоҳ–2030» давлат дастури ўртасида муштарак жиҳатлар кўп. Икки дўст ва ҳамкор давлат муносабатлари янада тараққий этишига ишончим комил.
2025 йил Самарқандда «Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши» мулоқотининг иккинчи саммити бўлиб ўтади. Ишонаманки, Ўзбекистон мезбонлигида муваффақиятли тарзда ташкил этиладиган ушбу тадбир Саудия Арабистонида ўтказилган илк саммитнинг мантиқий давоми бўлади ва минтақаларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада юксалтиришга хизмат қилади.