2026 йил охирига қадар мактабга бормайдиган болалар сони яна 6 миллионга ошиб, 278 миллионга етши мумкин.
Бу ҳақда БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) томонидан эълон қилинган тадқиқотда қайд этилган.
Таҳлилга кўра, асосий сабаб таълим соҳаси учун расмий ривожланиш ёрдамининг 3,2 миллиард долларга қисқариши бўлиб, бу 2023 йилга нисбатан 24 фоиз камайишдир. Қисқаришнинг қарийб 80 фоизи атиги учта донор давлат ҳиссасига тўғри келади.
Энг катта салбий таъсир Ғарбий ва Марказий Африкада кузатилиши кутилмоқда — бу ерда 1,9 миллион бола таълимсиз қолиш хавфи остида. Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада эса қўшимча 1,4 миллион бола мактабдан қолиши мумкин.
“Таълимдан кесилган ҳар бир доллар — бу шунчаки бюджет қарори эмас, балки боланинг келажаги ҳам йўқолади”, — деди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел.
Бошланғич таълим энг катта зарар кўриши прогноз қилинмоқда: молиялаштиришнинг учдан бир қисмга камайиши болаларнинг бутун умри давомида 164 миллиард долларлик йўқотишларга олиб келиши мумкин.
Кот-д’Ивуар ва Мали каби давлатларда молиялаштиришнинг қисқариши ўқувчилар сонининг 4 фоизга камайишига олиб келиши мумкин — бу мос равишда 340 минг ва 180 минг болага тенг.
Бундан ташқари, Бангладешдаги рохинжа қочқин болалари учун таълим марказлари ёпилиши хавфи бор. Бу эса 350 минг болани таълимсиз қолдириши ва уларни эксплуатация ҳамда одам савдосига нисбатан ҳимоясиз қолдириши мумкин.
ЮНИСЕФ халқаро ҳамжамиятни шошилинч чоралар кўришга чақирди: кам ривожланган давлатлар учун молиялаштириш улушини ошириш, гуманитар инқироз шароитида таълим дастурларини ҳимоя қилиш ва ресурсларни асосий ҳамда бошланғич таълимга йўналтириш зарурлиги таъкидланди.