ЮНEСКОнинг дастлабки номинациялар рўйхатида Ўзбекистон миллий табиий меросининг 5 та объекти (Зомин, Ҳисор, Шоҳимардон тоғлари, Сармишсой петроглифлари, Бойсун макони) тўғрисидаги маълумотлар янгиланди ва яна 2 та янги объект (Кўҳитанг тоғлари ва Нурота тоғ тизмалари) қўшилди.
Номзодномалар маълумотлари Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тайёрланиб, ЮНEСКО ишлари бўйича Миллий комиссия орқали тақдим этилган.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг дастлабки табиий мерос рўйхати 2008 йилда янгиланган. 16 йилдан сўнг ушбу миллий табиий мерос объектлари дастлабки номзодномалар рўйхатидаги Зомин, Ҳисор ва Шоҳимардон тоғлари, Сармишсой петроглифлари ва Бойсун маконига оид маълумотлар янгиланди. Бинобарин, ЮНEСКО мезонлари бўйича дастлабки рўйхат маълумотлари ҳар 10 йилда янгиланиши лозим.
Зомин, Ҳисор ва Шоҳимардон тоғлари маълумотлари табиий мерос таснифида, Сармишсой петроглифлари ва Бойсун макони маълумотлари эса аралаш, яъни ҳам табиий, ҳам маданий мерос объекти таснифида янгиланди, Кўҳитанг тоғи ва Нурота тоғ тизмаси янги миллий табиий мерос объектлари сифатида ЮНEСКО дастлабки номзодномалар рўйхатига киритилди.
Ўзбекистон Республикаси томонидан тақдим этилган дастлабки номзодномалар рўйхатига номзодномалар ЮНEСКО 1972 йил конвенциясининг амалий йўриқномасида белгиланганидек тайёрланганлиги сабабли ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси маркази томонидан юқори баҳо билан қабул қилиниб, Ўзбекистон номига миннатдорлик мактуби юборилди.
Таъкидлаш жоизки, миллий табиий мерос объектларининг ана шундай муҳим халқаро рўйхатга киритилиши мамлакатимиз тарихидаги муҳим воқеалардан бирига айланди. Бундай натижалар мамлакатимиз табиат ёдгорликларини жаҳон ҳамжамиятига тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши билан бирга, миллий туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.