Бугун 31 май, 2025 йил, шанба

O'ZB

Йўл қоидасига риоя қилмаган ҳайдовчи 73та қўйни ўлдирди

A A A
Йўл қоидасига риоя қилмаган ҳайдовчи 73та қўйни ўлдирди

Қоидабузарнинг бошқарувидаги автомашина 73 бош қўй ва 1 бош эчкини босиб кетиб, нобуд қилгани учун ҳайдовчи жабрланувчиларга 91 900 000 сўм тўлаган.

Йўл қоидаси — умр фойдаси. Ҳайдовчи ва йўловчиларга бирдек тааллуқли бу ҳикматли иборани кундалик ҳаётимиз ҳар қадамда тасдиқлаб турибди. Аммо баъзи бир ҳайдовчилар йўл қоидасини бузиб, азият чекмагунича бу ҳақиқатни ҳис қилмаслиги афсусланарлидир.

Маълумки, Қамчиқ довони Фарғона водийсини мамлакатимиз пойтахти ва бошқа вилоятлар билан боғлаб турувчи ҳудуд саналади. Довонда ҳаракатланиш ҳар қандай ҳайдовчидан ўта ҳушёрлик ва эҳ­тиёткорликни талаб этади. Лекин жиззахлик Ўролжон Қувватов Қамчиқ довонида эҳтиётсизлиги ва йўл қои­дасига амал қилмагани ту­файли жид­­дий панд еди.

Суд мажлисида аниқланишича, Ў. Қувватов 2018 йил 10 сентябрь куни эрталаб ҳамроҳи Ойбек Ирисалиев билан бирга "Исузу" русумли автомашинасига Андижон вилоятидан 16 минг 640 килограмм буғдойни юклаб йўлга чиқади.

Соат 12:30 атрофида "Тошкент-Ўш" автомобиль йўлининг 227-километрида, яъни "Қам­чиқ" тоннелидан ўтиб, паст­га тушаётганида чўпон Отабек Қирғизов 3 нафар шериги билан бирга ҳайдаб келаётган қўй-эчкилар подасига дуч келади.

Шунда Ў. Қувватов автомашина бошқарувини йўқотиб қўяди. Чунки у Йўл ҳаракати қоидаларининг 77-бандидаги ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлигини, транспорт воситаси ва юкнинг хусусия­ти ҳам­да ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кў­ринишни ҳисобга олган ҳолда транспорт воситасини белгиланган тезликдан оширмасдан бошқариши керак, деган қатъий талабга риоя қилмайди. Оқи­батда унинг бошқарувидаги автомашина 73 бош қўй ва 1 бош эчкини босиб кетиб, нобуд қилади. Қолаверса, автомашинага ҳам жиддий зарар етади.

Шундан сўнг Наманган вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавф­сизлиги бошқармаси ходимлари томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, ҳо­лат юзасидан тегишли баённома ва ҳужжатлар расмийлаштирилади.

"Бизнес мадад ҳамкор" масъулияти чекланган жа­мия­тининг 2018 йил 15 сентябрдаги хулосасига кўра, Жиззахдаги "Ака-ука савдо" масъулияти чекланган жа­мия­тига тегишли бўлган автомашинага 7 434 000 сўм миқдорида моддий зарар етказилган.

Қолаверса, мутахассис хулосаси ҳам автомашинага меъёридан 6 тонна ортиқ буғдой юкланганини тасдиқлади. Энг асосийси, нобуд қи­линган 73 бош қўй эгалари жами 91 900 000 сўм миқдорида моддий зарар кўришган.

Ана шу асосларга кўра, ҳу­қуқбузар Ў. Қувватовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси ва 135-моддаси 1-қисми билан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Поп туман маъмурий судига тақдим этилган.

Суд мажлисида автомашина эгаси — "Ака-ука савдо" масъулияти чекланган жамия­ти раҳбари Эргаш Маҳмудов кўрсатма бериб, Ойбек Ирисалиевга автомашинани бошқариш ҳуқуқи берилганлиги, би­роқ Ў.Қувватовга бундай ҳуқуқ берилмагани, автомашинага етказилган зарар бўйича даъвоси йўқ­лигини маълум қилди.

Бинобарин, суд Ў. Қувватовни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси ва 135-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳу­қуқбузарликни содир этган деб топди. Унга 2 йил муддатга транспорт воситасини бош­қариш ҳуқуқидан маҳрум қи­лиш ва энг кам ойлик иш ҳа­қининг иккидан бир қисми миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, Ў. Қувватовдан 73 бош қўй эгаларига 91 600 000 сўм, О. Қирғизовга эса, 1 бош эчки учун 300 000 сўм миқдорида моддий зарар ундирилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юз берган йўл-транспорт ҳодисасида чўпонларнинг ҳам айби йўқ эмас. Негаки, Йўл ҳаракати қоидаларининг 121-бандига мувофиқ автомагистралда пиёдалар, уй ҳайвонлари, от-аравалар, велосипедлар, мопедлар, тракторлар ва ўзи юрар автомобиллар, техник тавсифномага ёки ҳо­латига кў­ра­, тезлиги соатига 40 километрдан кам бўлган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тақиқланади.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 173-бандига биноан эса, аравани бошқараётган, миниладиган ёки юк ортилган ҳайвонларни ва подани ҳайдаб бораётган шахсларга йўл­ларда ҳайвонларни назоратсиз қолдириш, подани темир йўлдан ва йўлда махсус ажратилмаган жойлардан, шунинг­дек, рухсат этилган жойларда эса, қоронғи вақтда ва етарли кўринмаслик шароитида ҳайдаб ўтиш, бошқа йўллар бўлганда ҳайвонларни мукаммал қопламали йўлларда ҳайдаб бориш мумкин эмас.

Содда қилиб айтганда, Қам­чиқ довони орқали ҳайвонларни транспортда ташиш та­лаб этилади. Шу боис суд Маъмурий жавобгарлик тўғ­рисидаги кодекснинг 313-моддаси талабидан келиб чи­қиб, қонунбузилиш ҳолати ва бунга шарт-шароит яратган омилларни бар­та­раф этиш юзасидан Наманган вилояти ИИБ йўл ҳа­ракати хавфсизлиги бошқармасига тақдимнома ҳам киритди.

Албатта, тилга олинган воқеадан барча ҳайдовчилар ўз­ларига тегишли хулоса чи­қа­риб олишса, фойдадан хо­ли бўлмасди. Айниқса, ўлкамизга эшик қоқиб кириб келаётган қиш фаслида йўл­ларда янада ҳушёр бўлиш ва эҳтиёткорлик билан ҳаракатланиш талаб қилинади. Зе­ро, йўлдаги кичик бир эҳтиётсизлик ҳам катта ташвишлар туғдириши, энг ёмони, инсон ум­рига зомин бўлиши мумкин.

Буни асло унутмаслигимиз шарт.

Самаджон ҚОДИРОВ,

Поп тумани маъмурий судининг раиси

Manba: uznews.uz

Киритилди: 16:53 30.11.2018. Ўқилди: 2025 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!