30- июн Ўзбекистон ёшлари куни ёки Ўзбекистон ёшлар иттифоқи куни деб атасакмикан! Чунки бу ташкилот айнан 30- июн куни ташкил этилган. Фаолият олиб бораётганига 3 йил бўлган бўлса-да афсуски, ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ёшларини бир мақсад сари бирлаштира олмаяпти, дейди "nnews.uz". Бунинг сабаби нимада?
Нега кўпчиликка бу ташкилот фаолияти маъқул эмас?
Эътиборни жалб этишнинг “антиқа” усули
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 30-июн куни “Ёшлар шоу” ўтказишни мақсад қилган вилоят ёшлар иттифоқи кенгаши барчани чув туширди. Райҳон, Муниса Ризаева, Шоҳруҳхон ва Улуғбек Раҳматуллаев каби эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари ташриф буюриши ваъда қилинган тадбирда афсуски, бу хонандаларнинг бирортаси дарак бермади.
Аввалроқ иттифоқ аъзолари ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳридаги мусиқали драма театр ёнида шу каби ўнлаб машҳур саънаткорлар келишини айтиб барчани чорлаган эди.
Лекин ёлғон чорлов ўз натижасини бермади.
Концертга келганлар ўша машҳур эстрада юлдузларининг қўшиқларини бошқалар ижросида тинглашди.
Ҳафсаласи пир бўлганлар ҳам, тадбирни томоша қилмай кетиб қолганлар ҳам кўп бўлди.
Ёшлар иттифоқига бу ёлғон нега керак?
Байрам дастури тугагандан сўнг, ёлғоннинг нега ишлатилгани ҳам аниқ бўлиб қолди. Иттифоқдагилар ўз ижтимоий саҳифаларида «концертимизга 10 минг нафар киши ташриф буюрди» мазмунидаги хабарларни жойлай бошлашди.
Эътиборни тортишнинг бу усули ўз навбатида “яширин реклама” саналади. Аммо яширин рекламада ҳам бу қадар ёлғон ишлатилмайди.
«Машҳурликка ўч, ўз мақсадларини жамият манфаатларидан устун кўрадиган» ташкилотга бундай ҳолларда ишониб бўладими?
Концерт ҳақида…
Аслида яхши ташкил этилмаган концерт ҳақида гапирмоқчи эмас эдик. Аммо бу борада йўл қўйилган жиддий камчиликларни ҳам санаб ўтмасак бўлмайди.
Ёшлар куни бир сўз билан айтганда фақатгина ёшлар иттифоқи аъзолари учун нишонланди. Иттифоқга аъзо бўлмаганлар эса чекка жойларда дастурни томоша қилишга ҳаракат қилишди.
Аввало тадбирни бундай тор доирада ташкил этилишига йўл қўйилгани энг катта жиддий хато. Саҳнага 10 минг нафар кишини сиғдирмоқчимисиз, шунга яраша имконият яратинг. Кейин ўзингизни “реклама” қилсангиз бўлади.
Тадбирни бошлаган бошловчиларга ҳам бир мунча қийин бўлди. Микрафоннинг овози тез-тез узилиб қолиши айримларни анчагина асабийлаштирди. Саҳналаштириш ишлари ёшлар кунига мос равишда безатилмади. Фонограмма орқали қўшиқ ижро этгани чиққан номаълум хонандаларнинг ижроларида ҳам узилишлар бўлиб, бир қўшиқ бошқасига уланиб кетди.
Назорат ишлари шу қадар жиддий ташкиллаштирилдики,оддий одамлар байрамда эркин бўла олмади. Ҳаттоки, қўриқчилар тадбир томошаси истагида келганларни изига қайтариб ҳам юборди.
Ҳамма гап концертга Райҳон ёки Муниса ташриф буюрмаганида эмас, гап иттифоқдагилар одамларни алдаганида. Ёлғон ва манманлик билан қандай натижага эришасиз, қандай қилиб ёшлар ишончини қозонасиз?
Буниси мавҳум.!
Иттифоқга ҳеч қандай ҳусуматим йўқ. Лекин мен ёлғон билан келиша олмайман…
Дониёр Орипов