Бугун, 6 декабрь куни Париж Халқаро Мода Академияси (AICP) ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қўшма факультети талабалари учун соҳа мутахассислари иштирокида учрашув ўтказилди. Унда «ELLE Oʻzbekiston» бош ижрочи директори Олег Дробот ва мода саноатининг таниқли мутахассиси, глобал брендлар билан ишлаш тажрибасига эга Каран Ҳурама ҳамда Париждаги Халқаро мода академиясининг етакчи профессори — мадам Марина Лесаж иштирок этди.
Тадбир давомида Каран Ҳурама ёш дизайнерларга мода саноатидаги сўнгги янгиликлар, глобал бизнес тизимининг ривожланиши ва унинг жаҳон бўйлаб таъсири ҳақида сўзлаб берди. У, мода оламидаги ўзгаришлар, янги имкониятлар яратиш ва саноатнинг келажагини шакллантириш борасида ўз қарашларини билдирди. Ҳурама, шунингдек, ўзининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, ёшларни муваффақиятга эришиш учун керакли кўникмалар ва замонавий ёндашувлар билан таништирди.
«ELLE Oʻzbekiston» бош ижрочи директори Олег Дробот эса журнали ва бренди қандай қилиб янги чақириқларга мослашаётганини, мода ва медиа соҳасидаги карьера имкониятлари ҳақида сўзлаб берди. У, шунингдек, мода саноатининг келажаги, унинг шаклланиши ва юксалиши йўллари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Тадбир иштирокчилари, мутахассислардан олинган қимматли маслаҳатлар билан танишиб медиа оламидаги янги қарашлар ва имкониятлардан хабардор бўлишди. Бу учрашув ёш дизайнерлар учун катта мотивация манбаи бўлди.
Маълумот учун, Каран Ҳурама — мода саноатида ўзига хос ўрни бор ва жаҳон миқёсида машҳур бўлган мутахассис. У нафақат дизайн, балки мода бизнеси, бренд менежменти ва маркетинг соҳаларида ҳам фаолият юритади. Ҳурама ўзининг тажрибали ёндашувлари ва глобал бозорларга оид чуқур билимлари билан мода соҳасида янги тенденцияларни яратишда иштирок этган. У, шунингдек, мода брендларини халқаро миқёсда ривожлантириш ва маркетинг стратегияларини ишлаб чиқишда катта роль ўйнаган.