Бугун 11 май, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Яшил Хитой девори ҳақида эшитганмисиз?

Яшил Хитой девори ҳақида эшитганмисиз?

Буюк Хитой деворини билмайдиган одам бўлмаса керак ер юзида. Бироқ Яшил Хитой деворини ҳатто Хитойни ўзида ҳам яхши билмайдиганлар бор.

Хитой Халқ Республикаси ҳудудларидаги саҳроларнинг кенгайиб боришининг олдини олиш мақсадида ҳукумат “Яшил Хитой девори” лойиҳасини ишлаб чиқиб, ҳаётга тадбиқ этмоқда. Сўнгги йилларда пойтахт Пекин ва мамлакатнинг шимолий ҳудудлари қум бўронларидан азият чекмоқда. Ҳар йили бўронлар туфайли 1300 квадрат километр унумдор ерлар қум билан қопланади. Бунинг оқибатида 400 миллионга яқин киши қийинчиликларга дуч келмоқда.

Хитойдаги қум бўронлари Корея, Япония ва ҳатто АҚШ ғарбий соҳилларига қадар етиб боргани айтилади. Хитойликлар қум бўронларини образли қилиб “Сариқ аждарҳо” деб аташади. Шу сабабли ҳам “Яшил девор” лойиҳаси хитойликлар омонидан “Сариқ аждарни бўйсиндириш” дейилади. Лойиҳа муаллифларининг фикрича, Буюк Хитой девори мамлакат шимолий ҳудудларини кўчманчилардан қандай ҳимоя қилган бўлса, “Яшил девор” ерларни қум бўронларидан ана шундай ҳимоя қилади.

Шуни таъкидлаш керакки, мутахассислар жаҳондаги кўплаб мамлакатларда юзага келаётган саҳроланишга инсон омили сабаб бўлаётганини таъкидлаб келишади. Қишлоқ ҳўжалигининг шитоб билан ривожланиши ерлардан имкониятдан ортиқ даражада фойдаланишни тақазо этмоқда. Подалар туёғи остида топталган ўсимликлар камайиб бормоқда. Ўрмонлар кесилиши оқибатида ҳудудлар қуриб кетмоқда. Шунингдек, саноатнинг ривожланиши табиатга салбий таъсир кўрсатмоқда.

1949 йилда Хитой ҳудудларининг 8 фоизи ўрмон билан қопланган эди. Саноат ривожланиши оқибатида ёқилғига талаб кўпайди. Минг-минглаб гектар ўрмонлар кесилиб кетди. Аҳоли сонининг ўсиши, қишлоқ ҳўжалиги ва саноатнинг ривожланиши сувга бўлган талабни кучайтирди. Артизан қудуқлар ва тўғонлар қурилиши дарёда сувларнинг камайиб кетишига олиб келди.

Шамол тезлигини камайтириш ва ерлардаги эрозияга қарши қурашиш мақсадида 13 вилоят ҳудудларига ўтқазилган дарахт, бута ва ўсимликлардан иборат яшил белбоғ – яъни “Яшил девор” барпо этишга киришди. Бу лойиҳа 2072 йилга қадар мўлжалланган бўлиб, сал кам 350 минг квадрат километрни кўкаламзорлаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Мутахассисларнинг сўзларига қараганда, дарахтлар шамол ва қум бўронлари ҳаракатини тутишга хизмат қилса, уларнинг илдизлари ерларни эрозияга учрашига йўл қўймайди.

“Яшил девор” лойиҳасига бутун Хитой ҳалқи жалб қилинган. Қонунга кўра, 11 ёшдан 60 ёшгача бўлган ҳар бир фуқаро йил давомида учтадан бештагача дарахт ўтказиши шарт ёки белгиланган миқдорда солиқ тўлашга мажбур. Шуни таъкидлаш керакки, ҳар йили 12 март куни 600 миллиондан ортиқ Хитой фуқароси дарахт ўтказиш тадбирида иштирок этади. Ҳукумат 2020 йилга бориб мамлакатдаги ўрмонлар худуди қирқ миллион гектарга етиши учун ҳаракат қилмоқда. Яқин 10 йилда бунинг учун 26 миллиард туп дарахт ўтказиш режалаштирилмоқда.

2003 йилдан бошлаб ўрмон саноати корхоналарини тубдан ислоҳ қилиш бошланди. Ислоҳатларга биноан, ўрмон ҳудудлари деҳқонларга ижарага берилди. Эндиликда фуқаролар бу масканларнинг тўлақонли хўжайинига айландилар. Чунки ҳар ким ўзи ўтқазган кўчатдан хусусий мулк сифатида фойдаланиш ёки ижарага бериш хуқуқига эга бўлди. Бу ўз навбатида дарахтларнинг кўпайишига ва ўрмонларнинг асл ҳолича сақланиб қолишига ҳисса қўшмоқда. Айрим вилоятларда лойиҳа ўз самарасини бермоқда. Авваллари уйлари олдини ҳар куни қумлардан тозалашга ўрганиб қолган кишилар эндиликда бу ташвишдан қутилдилар. Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, сўнгги йилларда барпо қилинган ўрмонлар йилига 200 миллион тонна қумни “ушлаб” қолган. 1973 йилдан шу кунга қадар Хитойдаги ўрмонлар майдони икки баробарга кенгайган. Янги минг йиллик бошида Хитойда йўқолиб кетиш хавфи бўлган ўрмонларда мол боқиш таъқиқланди. Бироқ, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, айрим минтақаларда саҳролар худуди кенгайиб бормоқда.

ЎзАдан олинди.

Киритилди: 05:16 09.06.2018. Ўқилди: 3072 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!