Трамп яқин кунларда Исроил томонидан Эронга қарши янги кенг кўламли зарбалар берилиши мумкинлигини англатди.
«Кейинги икки кун ичида билиб оласизлар. Ҳозирча ҳеч ким босимни камайтирмади», — деди АҚШ президенти Air Force One самолёти бортида, деб хабар берди Reuters.
Исроилнинг АҚШдаги элчиси (видео орқали) ҳам жума куни янги йирик ҳарбий операциялар бўлишини маълум қилди.
«Биз аллақачон бир қанча кутилмаган зарбаларни амалга оширдик. Ҳаммаси бираз тинчигач, пайшанба кечаси ва жума куни шундай сюрпризларни кўрасизки, "пейджер" операцияси деярли оддийдек туюлади», — деди Йехиэл Лейтер.
Шу билан бирга, Трамп Уиткофф ёки Вэнсни Эрон билан музокаралар учун юбориши мумкинлигини билдирди. АҚШ президенти ҳали ҳам ядровий келишув тарафдори эканини айтди.
Исроил матбуоти маълумотларига кўра, Трамп Эронга «охирги имконият» таклифини тақдим этади ва агар рад этилса, АҚШ ҳам ҳужумларга қўшилиши мумкин.