Япониянинг дунёдаги энг йирик Касивадзаки-Карива атом электр станцияси (АЭС) модернизациядан сўнг ўз фаолиятини қайта тиклашга тайёрланмоқда.
Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Ниигата префектураси губернатори Хидэё Ханадзуми кўп йиллик хавфсизлик текширувлари ва унинг ҳимоя механизмларини такомиллаштиришдан сўнг АЭСни қайта ишга туширишни маъқуллади. Унинг таъкидлашича, кўрилган хавфсизлик чоралари энг қатъий стандартларга жавоб беради ва объектнинг ишлаши минтақанинг барқарор ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эга.
Токио электр энергетика компанияси ҳозирда стансияни қайта ишга тушириш учун якуний тайёргарликни якунламоқда.
2011 йилда Фукусима-1 ядровий авариясидан сўнг Касивадзаки-Карива АЭСдаги ишлар бутунлай тўхтатилган эди.