Бугунги кунда ёшлар тобора кўпроқ онлайн видео ўйинларига ружу қўймоқдалар. Ўтган йили Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти виртуал ўйинларга муккасидан кетишни касаллик деб эълон қилди. Ташкилот бу касалликни ўйинлар устидан назоратнинг бузилиши, бошқа фаолият турларидан ўйинларни устун қўйиш ва салбий оқибатларга қарамай ўйинни давом эттириш ёки кучайтириш деб таърифлаган.
Гарчи бу касаллик дунёнинг исталган жойида бўлиши мумкин бўлса-да, Япония ушбу дардга қарши биринчилардан бўлиб курашмоқда.
«Мен тушдан кейин уйғонаман, кейин эса компьютеримни ёқаман. Эртаси куни тушгача виртуал ўйин ўйнайман, кейин ухлайман», дейди Шинтаро Сакурай. У кунига 3 соатдан 20 соатгача компьютер ўйинларини ўйнайди ва камдан- кам ҳолларда бошқа иш қилишга вақт топади. Аммо, Сакурай ўзини компьютерга ружу қўйганлигини рад этади.
Ҳаддан ташқари кўп ўйин ўйнаш одамларнинг дўстлари ва оиласига таъсир қилади.
«Мен соат 8-9 ларда уйғонаман. Биринчи қиладиган ишим компьютеримни ёқишдир», дейди Токио яқинида ота-онаси билан яшайдиган мактаб ўқувчиси Таито Кобаяши.
“У туни билан уйғоқ бўлади ва жуда оз ухлайди», – дейди Таитонинг онаси Реми Кобаяши. «Унинг учун энг муҳим нарса онлайн ўйинлардир. Ота-она сифатида биз бу ҳолатни ўзгартириш учун нима қилишимиз кераклигини ўйлаб кўришимиз керак», дея қўшимча қилди унинг отаси Хироюки Кобаяши.
Ушбу касалликни даволашга йўналтирилган Япониядаги биринчи шифохонада мутахассиси Сусуму Хигучи ҳаддан ташқари кўп компьютер ўйинлари ўйнаш ёшларнинг асаб тизимига кўрсатаётган таъсиридан хавотирланмоқда.
«Ўйинларга ружу қўйиш мия шикастланишига сабаб бўлгани ҳақида бир қанча ҳолатлар кузатилган. Яъни, ҳаддан ташқари кўп ўйин ўйнаш туфайли асаб ҳужайралари ўлган ёки уларга шикаст етган», дейди у.
Онлайн ўйинларга ружу қўйганлар учун ушбу касалликни муваффақиятли даволаш усуллари мавжудми? Хигучининг айтишича, бу бўйича тадқиқотлар ҳали ҳам давом этмоқда.
«Биз ўйинларга одатланган беморни кўрганимизда, унга ўйин ўйнашдан воз кечишни қатъий тавсия қиламиз. Агар улар бунга рози бўлишса, одатда уларнинг ҳолатлари яхши томонга ўзгаради. Аммо, агар улар ўйинни бутунлай тўхтатишни истамасалар, беморларнинг аҳволи унчалик яхши бўлмайди» дейди у.
Хигучи шунингдек, бирор нарсага ружу қўйиш билан компьютер ўйинларга ружу қўйишнинг фарқини айтиб ўтди.
«Қимор ўйинлари ёки спиртли ичимликларга муккасидан кетган беморларнинг аксарияти катталардир. Улар ўзларининг аҳволини тушунишади ва нима учун ичишни ёки қимор ўйинларини тўхтатиш кераклигини ва ҳоказоларни тушуна оладилар», дея тушунтиради Хигучи.
«Аммо ўйин ўйнашга ортиқча берилган ўқувчи болалар ва қизлар ҳақида гап кетганда, улар буни тушунишмайди. Шундай қилиб, агар биз уларга бирданига жуда кўп вазифаларни юкласак, улар даволанишдан воз кечишади. Ва бу биз учун жуда катта муаммо бўлади. Биз беморларни шундай даволашимиз керакки, улар даволаниш жараёнидан воз кечмаган ҳолда, бу касалликдан фориғ бўлишлари лозим” дейди япониялик мутахассис.