Япония аҳолиси йилдан-йилга камайиб бормоқда. 2024 йилда мамлакат аҳолиси 908 574 нафарга қисқариб, умумий сони 120 миллионга етди. Бу — мамлакат тарихидаги энг юқори йиллик камайиш ҳисобланади. Бу ҳақда Япониянинг Ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги маълум қилди.
2009 йилда 126,6 миллионга етган аҳоли сони шундан бери кетма-кет 16 йил давомида пасаймоқда. Бу ҳолат мамлакат иқтисодиётига, пенсия ва тиббиёт тизимига жиддий босим ўтказмоқда.
2024 йилда Японияда фақат 687 689 нафар чақалоқ туғилган бўлса, вафот этганлар сони деярли 1,6 миллион нафарни ташкил этди. Бу эса аҳоли қаришининг давом этаётганини кўрсатади. Ҳозирда аҳолининг 30 фоизини кексалар ташкил қилади, меҳнатга лаёқатли ёшдаги инсонлар эса тобора камаймоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Япониянинг туғилиш даражаси 1970-йиллардан бери доимий равишда паст. Бу эса аҳоли сонини табиий тарзда тиклаш имкониятини деярли имконсиз қилмоқда. Ҳатто туғилишлар кескин ошса ҳам, аҳоли қисқариши яна бир неча ўн йил давом этиши кутилмоқда.
Айрим экспертлар мамлакатдаги аҳоли етишмовчилигини миграция орқали тўлдириш мумкинлигини таъкидламоқда. Аммо Япония — оммавий миграцияни эҳтиётлик билан қабул қиладиган консерватив жамият. Шунга қарамай, ҳукумат сўнгги пайтларда хорижликлар учун рақамли иш виза тизимини жорий этди ва малакали меҳнаткашлар жалб этиш бўйича стратегияни ишлаб чиқди.
2024 йилда Японияда хорижликлар сони 10%га кўпайиб, 3,6 миллион нафарга етди. Ҳукумат моделларига кўра, 2070 йилга келиб аҳоли 30 фоизга қисқаради, аммо бу жараённи миграция ҳисобига секинлаштириш мумкин.