Япония ва Мўғулистон ўртасида мудофаа техникаси ва технологияларини узатиш бўйича келишув тузилди.
Бу ҳақда Япония ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Битимни Япониянинг Улан-Батордаги элчиси Масару Игавахара ва Мўғулистон мудофаа вазири Сандагиин Бямбацогт имзолади.
Япония Ташқи ишлар вазирлиги келишув қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, халқаро майдонда тинчлик ва барқарорликка эришишга ҳисса қўшадиган лойиҳаларни амалга ошириш учун мудофаа техникаси ва технологияларини узатиш имконини беришини қайд этди. Шунингдек, у мудофаа техникаси ва технологиясини учинчи шахсга топшириш ёки улардан нотўғри фойдаланиш устидан назоратни таъминлайди.
Битим Токио ва Улан-Батор ўртасида мудофаа техникаси ва технологиялари соҳасида яқин ҳамкорликни ривожлантиришга, шунингдек, Япония мудофаа саноатининг ишлаб чиқариш ва технологик базасини сақлаш ва такомиллаштиришга ёрдам беради ва шу орқали Япония хавфсизлигига ҳисса қўшади.