Мамлакатнинг "Active Investor Plus" (AIP) деб номланган янгиланган инвестиция визалари дастури ўз фаолиятининг биринчи йилида қарийб 4 миллиард Янги Зеландия доллари (2,4 млрд АҚШ доллари) миқдорида сармоя жалб қилди.
Миграция масалалари бўйича вазир Эрика Стэнфорднинг сўзларига кўра, ҳозиргача 1,49 миллиард долларлик маблағ иқтисодиётга киритилган бўлса, яна 2,415 миллиард долларлик лойиҳалар режалаштириш босқичида турибди. Дастур доирасида жами 609 та ариза қабул қилинган бўлиб, улар орқали икки мингга яқин бадавлат мигрантлар мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшиш истагини билдирган.
Веллингтон маъмурияти сармоядорларни жалб қилиш учун 2025 йил 1 апрелдан бошлаб виза қоидаларини сезиларли даражада енгиллаштирган эди. Хусусан, юқори хавфли лойиҳаларга йўналтириладиган минимал инвестиция чегараси 5 миллион долларгача туширилди, инглиз тилини билиш талаби бекор қилинди ва инвесторларнинг мамлакатда бўлиш муддатига доир чекловлар қисқартирилди. Бундай чоралар иқтисодий маҳсулдорликни ошириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган стратегиянинг бир қисми ҳисобланади.
Ҳукумат ушбу маблағларни нафақат йирик лойиҳаларга, балки аэрокосмик ва тиббиёт соҳалари учун деталлар ишлаб чиқарувчи ўрта бизнес вакилларига ҳам йўналтиряпти. Халқаро миқёсда бу каби "олтин визалар"нинг самарадорлиги борасида турли шубҳалар мавжуд бўлса-да, Янги Зеландия ҳукумати ушбу дастурни мамлакатнинг узоқ муддатли тараққиёти учун муҳим деб ҳисобламоқда.