Фарғона вилояти Риштон туманида жорий йилда 6 минг 500 гектар майдонда пахта кластер усулида етиштирилмоқда. Пахтачиликка ихтисослашган 327 фермер хўжалиги билан контрактация шартномалари тузилиб, биринчи марта жорий этилаётган янги усул фермерларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 25 январдаги "Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-табдирлари тўғрисида"ги қарори асосида туманда "Кластер" масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Пахтачиликда ҳосилни парваришлашдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқични ўзида мужассам этган кластер усули фермер хўжаликларига маъқул бўлмоқда.
Бугунги кунда пахтачилик соҳасини яхши биладиган 20 дан зиёд агроном ва бошқа мутахассислар далаларда бўлиб, экин ривожи, унинг ҳосилдорлигини ошириш билан боғлиқ ишларни олиб бормоқда. Зараркунандаларга қарши курашиш мақсадида 15 янги ОВХ агрегати сотиб олинди ва бугунги кунда улардан фермер хўжаликларида самарали фойдаланилмоқда.
Энди фермер ҳеч нарсага эҳтиёж сезмайди, минерал ўғит ёки ёқилғини шартномада кўрсатилган муддатда, керагича олиши мумкин. Ишчилар ўз вақтида ойлик маош билан таъминланаётир. Ғўза ривожи ва ҳолати эса жамият мутахассислари томонидан доимий назорат қилиб борилмоқда.
– Кластер усулининг афзал томонларини амалда ўз кўзимиз билан кўриб, бунга ишонч ҳосил қилдик, – дейди “Холиқов Йўлчибой” фермер хўжалиги раҳбари Йўлчибой Холиқов. – Хўжалигимиз ихтиёрида 70 гектар ер бор. Бу йил “Кластер” масъулияти чекланган жамияти билан шартнома имзолаб, 32 гектар майдонга 45 центнерлик маррани кўзлаган ҳолда “С 8290” навли чигит экдик. Ҳозир ғўза ниҳоллари ривожидан кўнглимиз тўқ. Вегетация даврида экинлар ҳолидан ҳар куни хабардор бўлиш жуда муҳим. Чунки ниҳоллар бир кунда у ёки бу томонга ўзгариб қолиши мумкин. Бу йил 3 сотих ерда балиқ етиштириш учун кўл қилдик.
"Кластер" МЧЖ фермер хўжаликларига ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш каби ишларда яқиндан кўмак бермоқда.
– Кластер тизимининг жорий этилгани даромадимиз ошишига хизмат қилмоқда, – дейди “Заринабону ерлари” фермер хўжалиги раҳбари Нодира Акбарова. – Кўп йиллардан буён уйда паррандачилик билан ҳам шуғулланиб келаётганим боис 2014 йили ерга товуқ гўнги солдик. Одатда, аранг 29 центнердан ҳосил берадиган ер кейинги йилдан тубдан ўзгарди. Бугунга келиб ҳар гектар майдондан 35 центнердан ҳосил олинмоқда. Ғалла ва пахтадан ҳар йили мўл ҳосил етиштириб келамиз. Бу йил 22,5 гектар майдонда ғўза парваришлаяпмиз. Ҳозиргача ғўза қатор ораларини 4 марта, жумладан, 1 марта минерал ўғит билан культивация қилдик. Ерга меъёридан ортиқ минерал ўғит тушди. Жорий йилда чигит қўшқатор усулда экилгани туфайли парвариш мутахассислар тавсияси ва агротехника қоидалари асосида олиб борилмоқда.
Manba: uza.uz