Ямайкада “Мелисса” тўфони сабабли “офат зонаси”га айлангани эълон қилинди, мамлакатда тимсоҳлар ҳужуми хавфи ҳам мавжуд, деб ёзмоқда DW.
Ямайкага мамлакат тарихидаги энг кучли довул “Мелисса” ёпирилиб келди. Соатига 295 км тезликдаги шамол уйларнинг томларини учириб кетди, дарахтлар ва электр узатиш тармоқларини қулатди, шунингдек, кўчки ва тошқинларни келтириб чиқарди.
Орол расман фалокат зонаси деб эълон қилинди, зарарни баҳолаш ва тиклаш ишлари бошланди.
530 минг хонадон электр таъминотисиз қолди. Соҳилларда тимсоҳларнинг сув босган яшаш жойларидан чиқиш ҳолатлари қайд этилган, ҳукумат тимсоҳлар ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантирди. Дастлабки маълумотларга кўра, табиий офат оқибатида камида етти киши ҳалок бўлган.
Энди “Мелисса” Куба томон яқинлашмоқда, бу ерда олдиндан 735 минг киши эвакуация қилинган. Довулнинг кейинги йўналишида Багама ороллари бўлиши кутилмоқда.
Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, "Мелисса" Ямайкага XXI асрда ёпирилган энг ҳалокатли довул бўлди. Мутахассислар табиий офатнинг ғайриоддий кучини Кариб денгизи суви ҳароратининг кўтарилиши билан боғламоқда.