Тошкент шаҳрида “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлиги доирасидаги тезкор тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Ойликнинг илк кунидаёқ Тошкент шаҳар ИИББ ва Яккасарой тумани ИИО ФМБ тезкор-қидирув хизматлар ходимлари томонидан Яккасарой туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида 1973 йилда туғилган, Н.Дониёр ўзини шубҳали тутганлиги сабабли тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилди. Шахсий тинтув жараёнида унинг ёнидан 5 гр ўткир ҳидли жигарранг сақичсимон модда топилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Суриштирувлар давомида у яшаб келаётган уйнинг йўлак қисмига 79 дона қора целлофан пакетга ўралган жигарранг ўткир ҳидли моддалар ва жигарранг қуритилган ўтсимон модда аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Аниқланган ашёвий далиллар юзасидан “Судга оид кимёвий экспертиза” тайинланиб, ҳужжатлар тергов бўлимига тақдим этилди, гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланди.
Гиёҳвандлик воситаларининг инсон саломатлиги, унинг руҳиятига салбий таъсири, алалоқибат жиноят ва залолат ботқоғига етаклаб, фожиа билан якун топиши барчага аён. Жиноятчилар мўмай пул топиш мақсадида, гиёҳвандлик домига кўпроқ инсонларни тортиш, турли йўллар билан – катта, осон пул топиш каби ваъдаларга ишонтириб, ўз ғараз ниятларини амалга ошириш иштиёқида на катталарни, на кичикларни аяшмайди.
Бу турдаги жиноятларга қарши курашиш мақсадида тезкор тадбирлар қатъий ва муросасиз давом эттирилади.