Бугун 1 июнь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Ходимни дам олиш ёки байрам кунлари ишга жалб этиш тартиби қандай, ходим розилиги керакми?

A A A
Ходимни дам олиш ёки байрам кунлари ишга жалб этиш тартиби қандай, ходим розилиги керакми?

- Меҳнат кодекси 130 ва 132-моддалари дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунлари ишга жалб этишни чеклайди. Бундай кунлари ишлатиш тақиқланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни бундай кунларда ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.

1. Ҳамма ходимларни ҳам бундай кунларда ишга жалб қилиш мумкинми?

- Айрим ходимларнигина бундай кунларда ишга жалб этиш мумкин.

2. Кимларни бундай ишларга жалб қилиб бўлмайди?

- 18 ёшга тўлмаган шахсларни тунги ишлар, иш вақтидан ташқари ишлар ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш тақиқланади (МК 246-м).

3. Қандай ҳолатларда бундай кунларда ишга жалб қилиш мумкин?

- Бундай ҳолатлар жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

4. Бундай кунларда ишга жалб қилишга ходимнинг розилиги шартми?

- Ходимнинг розилиги шарт эмас (МК 220-моддаси 5 қисми, 228-моддаси бундан мустасно ). Кўпчилик мана шу ўринда ходимнинг розилиги олиниши шарт деб хато ўйлайди. Аслида, иш вақтидан ташқари ишларда ходимнинг розилиги олинади.

Ногиронларни тунги вақтдаги ишларга, шунингдек, иш вақтидан ташқари ишларга ва дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга уларнинг розилиги билангина, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, йўл қўйилади (МК 220-м, 5-қисм).

Ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Шу билан бирга ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни тунги ишларга жалб қилишга бундай иш она ва боланинг соғлиғи учун хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса бўлган тақдирдагина йўл қўйилади (МК 228-м).

5. Бундай кунларда ишлаш иш вақтидан ташқари иш ҳисобланадими?

- Дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлаш иш вақтидан ташқари иш ҳисобланмайди. Демак, ходим бундай кунларда 7 ёки 8 соат ишлаши мумкин.

6. Бундай кунларда ходимни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш мумкинми?

- Дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунлари ишга жалб қилинган ходимни иш вақтидан ташқари ишларга ходимнинг розилиги билангина жалб қилиш мумкин. Яъни янада соддароқ тушунтирсак,масалан, ходимни 1-январ байрам (ишланмайдиган) куни жамоа шартномасида белгиланган ҳолат бўйича иш берувчининг фармойиши билан ишга жалб этилди. Бу ҳолатда ходимнинг розилиги шарт эмас (МК 220-моддаси 5 қисми, 228-моддаси бундан мустасно ). Лекин иш охирига етмади ҳамда ходимни иш вақтидан ташқари ишга жалб қилиш эҳтиёжи туғилди. Бу ҳолатда ходимни МК 124-125-моддаларига риоя қилган ҳолда унинг розилиги билангина иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилишимиз мумкин.

7. Бундай кунларда ишлаган ходимга қанча ҳақ тўланади?

- Камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади (МК 157-моддаси).

8. Бундай кунларда ишлаган ходим отгул олиши мумкинми?

- Ҳа, байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин.

А.ҒУЛОМЖОНОВ,

Избоскан туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси

Киритилди: 11:04 28.03.2022. Ўқилди: 7630 марта. Фикрлар сони: 4 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!