Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган республика аҳамиятига молик ташкилотлар рўйхати яна биттага кенгайтирилади.
Президентимизнинг 2018 йил 10 декабрда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, қуйидагилар тасдиқланди:
• бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 35 нафар кишидан иборат Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг янгиланган ташкилий тузилмаси;
• Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низом;
• Марказ ходимларининг меҳнатига Ягона тариф сеткаси бўйича ҳақ тўлаш разрядлари;
• Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар.
Марказ ходимларига Ўзбекистон адлия органлари ва муассасалари ходимлари учун назарда тутилган махсус унвон – мартаба даражалари берилади ҳамда мартаба даражалари учун устама ва кўп йиллик хизматлари учун қўшимча ҳақ тўланади.
Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра, Марказ ходимлари лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари 1,7 баравар кўпайтирилган миқдорда қўлланилади.
Шунингдек, мазкур қарор билан Марказ:
• Давлат статистика қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, Олий суднинг статистик ахборотлари мажбурий жўнатмалар реестрига;
• Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига киритилди.