Бугун, 18 декабрь куни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида «Халқаро тажриба: таълимни модернизациялаш шароитида замонавий машинасозлик ва муҳандислик йўналишида юқори малакали кадрлар тайёрлаш истиқболлари» мавзусида халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуманни институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Бахтиёр Насимов очиб берди. Проректор институтда бу тадбирлар сонини ошириш, хориждаги илмий изланиш ҳамда янгиликлар билан талабаларни таништириб бориш лозимлигини қайд этди. Шундан сўнг меҳмонларга сўз берилди.
Анжуманда бугунги кун учун долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шу билан бирга соҳанинг етакчи кадрлари томонидан турли мавзуларда маърузалар қилинди. Хусусан «Чангшу» технология институтининг вакили Гао Зҳе хоним ҳам тақдимот қилди. Шундан унга Бахтиёр Насимов томонидан фахрий профессор унвони топширилди.
«Ушбу унвон институт таълим тизимининг ривожланишида ўз ҳиссасини қўшганлиги учун берилди. Гао Зҳе хоним Тўқимачилик ва мода дизайн мактабининг 2+2 дастури раҳбари ҳисобланади. Бизда ҳам худди шу ОТМ билан ҳамкорликда қўшма таълим дастури ташкил этилган. Унга қабул қилинган талабалар 2 йил Хитойга бориб таҳсил олиш имкониятига эга бўлади.
Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, институтимиз эшиги фахрий профессоримиз учун доимо очиқ. Исталган вақтда келиб талабаларга дарс ўтишлари ва ходимларимиз учун яратилган шароитлардан фойдаланишлари мумкин», дейди проректор.