АҚШ ва Европа Гренландия бўйича низоларни "НАТО доирасида" ҳал қилишлари ва Россия-Украина уруши билан чалғимасликлари керак.
Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас ўз нутқида шундай деди.
У Хитой ва Россия "ҳозирги вазиятдан завқланаётган бўлиши керак" деб таъкидлади.
"Айнан улар иттифоқчилар ўртасидаги келишмовчиликлардан фойда кўрмоқдалар. Агар Гренландиянинг хавфсизлиги хавф остида бўлса, биз бу масалани НАТО доирасида ҳал қила оламиз. Тарифлар Европа ва Қўшма Штатларни қашшоқлаштириш ва умумий фаровонлигимизга путур етказиш хавфини туғдиради.
Шунингдек, биз низоларимиз бизни асосий вазифамиздан — Россиянинг Украинага қарши урушини тугатишга ёрдам беришдан чалғитишига йўл қўймаслигимиз керак", деб таъкидлади Каллас.
Аввалроқ Трамп АҚШ Дания, Норвегия, Швеция, Франция, Германия, Буюк Британия, Нидерландия ва Финляндияга тарифларни жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб 10% гача ва 1 июндан бошлаб 25% гача оширишини эълон қилган эди. "Бу тарифлар Гренландияни сотиб олиш бўйича якуний ва тўлиқ келишувга эришилгунга қадар амал қилади", деб ёзган Америка етакчиси Truth Social ижтимоий тармоғида.
Кейинчалик, Буюк Британия ва Франция каби бир қатор Европа мамлакатлари раҳбарлари янги тарифларга қарши чиқишди.