Бугун 12 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Хитойдаги японияликлар огоҳлантирилди

Хитойдаги японияликлар огоҳлантирилди

Хитойда 13 декабрь “Нанкин қирғини”ни хотирлаш куни яқинлашар экан, у ердаги Япония элчихонаси ва консулликлари маҳаллий ҳукумат ва полициядан японияликларнинг Хитойдаги хавфсизлигини таъминлашни сўради.

Япониянинг yahoojapan оммавий ахборот воситаларига кўра, Япониянинг Хитойдаги элчихонаси яқинда Хитойда яшовчи японияликларни ўз хавфсизлигига эътибор беришлари ҳақида огоҳлантирган.

“13 декабрь “Нанкин қирғини”ни хотирлаш куни. Ушбу кунларда Хитойдаги барча япон фуқаролари ташқарига чиқаётганда ўз-ўзини ҳимоя қилишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор беришлари керак. Атрофингиздан эҳтиёт бўлинг ва хавфсизликни таъминланг, айниқса болаларингизни кўчага олиб чиқишда тегишли эҳтиёт чораларини кўринг”, – дейилади Япониянинг Хитойдаги элчихонаси баёнотида.

Элчихона Хитойдаги япон фуқароларига омма олдида япон тилида гапиришни минималлаштиришни маслаҳат беради. Бундан ташқари, Япония фуқароларига япониялик эканлигини осонгина аниқлаш мумкин бўлган кийим-кечак ва нарсаларни кийиш ёки олиб юришдан қочиш тавсия қилинди.

ОАВ маълумотларига кўра, Япония элчихоналари ва консулликлари Хитой маҳаллий ҳукумати ва полициясидан “Нанкин қирғини”ни хотирлаш чоғида Хитойдаги япон фуқароларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришни сўраган.

Хитой ҳукумати рухсатига кўра, ҳар йили 13 декабрь “Нанкин қирғини қурбонлари учун мотам куни” сифатида нишонланади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида япон қўшинлари Хитойнинг ўша пайтдаги пойтахти Нанкинни эгаллаб, у ерда кўплаб тинч аҳолини ўлдирган.

Киритилди: Бугун 17:02. Ўқилди: 502 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!