Хитойлик олимлар бир дақиқа давомида импульслар ҳосил қила оладиган дунёдаги биринчи 20 гигаваттли микротўлқинли қуролни яратдилар.
Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, ушбу ихчам ер усти тизими Starlink сунъий йўлдошларини ҳам ўз ичига олган ҳолда, Ернинг паст орбитасидаги сунъий йўлдошларнинг ишлашини бузишга ёки уларга зарар етказишга қодир.
TPG1000Cs деб номланган қурилма Шэньси провинуиясининг Сиан шаҳридаги Шимоли-ғарбий Ядро Технологиялари Институтида ишлаб чиқилган. Ушбу қурилманинг узунлиги тўрт метр ва оғирлиги беш тоннани ташкил этади, бу уни юк машиналари, ҳарбий кемалар, самолётлар ва ҳатто сунъий йўлдошларга ўрнатиш имконини беради. Газета таъкидлашича, илгари шунга ўхшаш тизимлар уч сониядан кўп бўлмаган вақт давомида узлуксиз ишлаши мумкин эди ва анча ноқулайроқ эди.
TPG1000Cs битта сессияда 3000 тагача юқори энергияли импульсларни ҳосил қилишга қодир - бу ҳозирда бутун дунёда мавжуд бўлган шунга ўхшаш тизимлардан анча устундир. Агар Хитой охир-оқибат TPG1000Csни космосга жойлаштирса, "унинг яширин зарбалари янада ҳалокатли бўлиб, уни аниқлаш қийинлашади", деб таъкидлайди нашр.