Хитой Россия-Украина можаросида қатнашаётган томонларга ҳалокатли қуроллар етказиб бермаяпти ва икки мақсадли маҳсулотлар экспортини қаттиқ назорат қилади.
Бу ҳақда Берлинда Хитой ташқи ишлар вазири Ван И германиялик ҳамкасби Йоган Вадефул билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.
"Мен вазир Вадефул билан Украина инқирози ва бошқа долзарб масалаларни муҳокама қилдим. Хитойнинг позицияси жуда аниқ: биз тинчлик ва музокараларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. Биз можаро томонларига ўлимга олиб келадиган қурол-яроғларни етказиб бермаймиз, биз икки мақсадли маҳсулотлар, жумладан, учувчисиз самолётлар экспортини жуда қаттиқ назорат қиламиз", - деди у.
Ван И Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг “мураккаб муаммоларга оддий ечим йўқ” деган сўзларини эслади. “Биз кенг қамровли, узоқ муддатли ва мажбурий тинчлик келишувига эришиш, Европада мувозанатли, самарали ва барқарор хавфсизлик архитектурасини барпо этиш ҳамда Европада узоқ муддатли тинчликни тиклашда турли томонларнинг фаол ролини олқишлаймиз”, — деди Ван И. "Дунёдаги вазият қанчалик нотинч бўлса, биз ҳамкорликка шунчалик таянишимиз керак", деб ҳисоблайди у.