Бугун 3 август, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Хитой компанияси Чорвоқда шамол электр станцияси қуришни бошлади

Хитой компанияси Чорвоқда шамол электр станцияси қуришни бошлади

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Чорвоқ шамол электр станциясини қуриш лойиҳасига расман старт бериш, тамал тоши қўйиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда Ўзбекистон ва Хитой алоқаларининг тобора мустаҳкамланиб бораётгани, бу эса ҳар икки давлат иқтисодиётига ижобий таъсир қилиши, хусусан Тошкент вилоятида қурилиши бошланган янги станция келгусида қандай самара бериши борасида таъкидланди.

Тадбирда Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Иқтисодиёт ва тижорат бўлими маслаҳатчиси, жаноб Сун Ян, масъул хитой компаниялари вакиллари, Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов, Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Ахмедов ҳамда масъул раҳбар-ходимлар, маҳаллий фаоллар иштирок этди.

Қайд этилишича, Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони савдо департаменти томонидан лойиҳани қурилиш ишларини олиб бориш учун ўтказилган тендерда «TBEA Co., Ltd» компанияси ғолиб бўлиб, бош пудратчи этиб танланган.

Хитой томонидан ажратилган тўғридан-тўғри беғараз кўмак, грант маблағларининг қиймати 28,0 млн. АҚШ долларини ташкил этиб, лойиҳани амалга ошириш муддати 2025-2026 йилларга режалаштирилган.

Ушбу лойиҳа доирасида 20 МВт қувватга тенг шамол электр стансиясини барпо этилади. Бунда йилига ўртача 50 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, 30 та янги иш ўрни яратилади.

Мазкур лойиҳа фойдаланишга топширилгандан сўнг, қарийб 20 минг хонадон электр энергия билан таъминланади.

Бугунги кунда бош пудратчи томонидан Тошкент вилояти ҳокимининг тегишли қарори асосида ажратилган 10 гектарга тенг ер майдонида (Бурчмулла ҳудудида) қурилиш ишлари олиб борилмоқда ҳамда Хитойдан олиб келинаётган замонавий технологик асбоб-ускуналарини босқичма-босқич монтаж қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

Таъкидланишича, ушбу шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси йилига 811,1 минг метр куб табиий газ ёки 3,15 минг тонна кўмир тежаш имконини беради. Бу, нафақат атроф-муҳит муҳофазаси, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали ечим ҳисобланади.

Киритилди: 16:07 31.07.2025. Ўқилди: 491 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!