Хитойнинг таниқли саноат субъектларидан бири Наманган вилоятида катта ўлчамдаги темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Ана шундай таклиф билан Хитой Халқ Республикасининг “Xingjiang Juansheng Construction Engineering Co.,Ltd” компанияси директори Же Хин Юан бошчилигидаги делегация Наманганга келди.
Меҳмонларни Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан ўтказган ўзаро мулоқотида Чуст туманида саккиз гектар ер майдонида катта ўлчамдаги темир бетон маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси муҳокама қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда, шу жумладан, Наманган вилоятида кенг кўламдаги қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Табиийки, бу жараёнларда катта ўлчамдаги темир-бетон маҳсулотларига эҳтиёж кучайган.
Хитойлик инвесторлар ташриф мобайнида белгиланган манзилга чиқиб, режалаштирилаётган лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш борасида мавжуд шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишди.