Бугун 21 май, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Хитой Фаластин – Исроил зиддиятини ҳал қилиш режасини тақдим этди

A A A
Хитой Фаластин – Исроил зиддиятини ҳал қилиш режасини тақдим этди

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги бугун Фаластин –Исроил можаросини бартараф этиш бўйича мамлакат позициясини ифодаловчи беш банддан иборат ҳужжат эълон қилди.

ХХР ТИВ расмий веб-сайтида чоп этилган мазкур баёнотда Пекин ҳарбий ҳаракатни зудлик билан тўхтатиш, оддий аҳолини ҳимоя қилишга чақирган, “Икки халқ учун икки давлат” режасига қайтиш ҳамда мустақил Фаластин давлатини яратиш фикрини таъкидлаган. Вазиятдан чиқиш йўли сифатида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган, 1967 йил ўрнатилган чегарани тиклаш зарурлигини кўрсатган.

Хитой томони режанинг биринчи бандида ҳарбий ҳаракатни зудлик билан тўхтатиб, урушга барҳам бериш, зудлик билан кучли ва барқарор гуманитар сулҳ ўрнатиш лозимлигини таъкидлаган.

Иккинчи жумлада бегуноҳ аҳолини самарали ҳимоя қилишга чақирилган, халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилишини, аҳоли ва фуқаролик объектларига қарата ҳар қандай зўравонлик ҳужумини тўхтатиш зарурлиги ифодаланган.

Қайд этилишича, БМТ Хавфсизлик Кенгаши аниқ сигнал юбориб, Фаластин аҳолисини мажбуран кўчиришга қарши туриши, ҳибсга олинган ва гаровга олинганларни тезроқ озод қилишга чақириши керак.

Учинчи бўлим гуманитар ёрдам кўрсатиш муаммосига бағишланган. Тегишли томонлар Ғазо аҳолисини зарур маҳсулот ва хизматдан маҳрум қилишдан қочиши, ҳудудга инсонпарварлик ёрдами каналлари ташкил этилиши ва кўмак тез, хавфсиз, тўсиқсиз ва барқарор етказилиши таъминланиши кераклиги айтилган. БМТ ХК халқаро ҳамжамиятни Ғазонинг урушдан кейинги тикланишини қўллаб-қувватлашга ундаши кераклиги ҳам уқтирилган.

Тўртинчи бандда Хитой дипломатик воситачиликни кенгайтиришга чақиради. Хусусан, Хавфсизлик Кенгаши минтақа давлатлари ва минтақавий ташкилотларга аҳамият бериши, БМТ Бош котиби ва Котибиятнинг воситачилик саъй-ҳаракатини қўллаб-қувватлаши, тегишли томонларга таъсир ўтказувчи давлатларни қўллаб-қувватлаши зарур. Бундан ташқари, холис позицияни сақлаб қолиш ва инқирозни юмшатиш учун биргаликда фаол ишлаш лозим.

Якуний параграф можарога сиёсий ечим топишни назарда тутади. Хитой фикрича, Фаластин масаласи ҳал этилишининг асосий шарти “Икки халқ учун икки давлат” режасини амалга ошириш, Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқини тиклаш ва тўлиқ суверенитетга асосланган, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил давлат барпо этишдир.

Шунингдек, “икки давлат ечими”ни қайта тиклаш бўйича йўл харитаси ва режа ишлаб чиқадиган нуфузли, кенг таъсир доирасига эга ва самарадор халқаро тинчлик конференциясини чақириш керак.

Ғазо келажаги билан боғлиқ ҳар қандай келишувда Фаластин халқининг иродаси ва мустақил танловига ҳурмат акс этиши лозим.

Киритилди: 22:54 30.11.2023. Ўқилди: 1255 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!