Хитойнинг Sea Legend компанияси шу ҳафтадан бошлаб Арктика орқали илк мунтазам юк қатновини йўлга қўяди. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Кема ҳафтада бир марта “Муз ипак йўли” деб номланган йўналиш бўйлаб Хитой шарқидаги Нинбо портидан Буюк Британиядаги Felikstou портига қатнайди. Одатда бу икки порт орасидаги масофа 40 кунда босиб ўтилади. Арктика орқали эса бу муддат қарийб икки баравар қисқариши кутилмоқда.
Starboard Maritime Intelligence таҳлилчиси Марк Дугласнинг тушунтиришича, ҳозирда Қизил денгиз ва Боб ал-Мандаб бўғози орқали сузиш хавфли бўлиб қолган. Шу сабабли Арктика йўналиши вақтни сезиларли даражада тежаш имконини беради:
“Бошқа муқобил вариант эса фақат Африка қитъасини айланиб ўтишдир”, дейди у.
Ёз мавсумида Арктикадаги музларнинг эриши кемаларга у ердан эркинроқ ҳаракатланиш имконини беради. Мунтазам қатновни йўлга қўйиш тўғрисидаги қарор 2025 йилнинг ёзида Шимолий денгиз йўли орқали рекорд даражадаги — 23 та ташув амалга оширилганидан сўнг қабул қилинган. Таққослаш учун 2024-йилда бу кўрсаткич 15 тани ташкил этганди.