04: 00 да: Ойпарастлар учун «Осмондаги ойимдан, томорқадаги лойимдан»кўрсатуви;
05: 00 да: Фарғона водийси нонвойлари фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи «Устоз-шогирд» туркумидан «Ўв, тандирни қизитмабсан-ку, қизиталоқ! Бир уриб чалпак қип қўяйми?» деб номланган телефильм эфирга узатилади;
06: 30 да: Кўп хотинли эркаклар учун «Император» кўрсатуви;
08: 00 дан 10: 00 гача танаффус;
10: 00 да: «Анжанча саломлашамиз» рукнидаги навбатдаги кўрсатув эфирга узатилади. «Икки дўст учрашуви»
«— Вей, минг йўл бўлди-ёв кўришмаганимизга!.. Қалайсан, ҳароми?..»
«— Яхшиман. Ўзинг-чи, ифлос?..»
Кўрсатув давомида худди шу саломлашишнинг саломатлик ва одамлар ўртасидаги меҳр-оқибатга таъсири хусусида сўз юритилади.
11: 00 да: Қашшоқ ва юрак касалига йўлиққанлар талабига кўра, «Эшиклар ёпилади, кейинги меҳмон газчилармиш» кўрсатувини томоша қиласиз;
12: 45 да: Жамият учун иллат ҳисобланмиш фоҳишабозликка қарши кураш доирасидаги «Тунги капалак — бу арвоҳ капалак» кўрсатуви;
13: 45 дан 18: 00 гача профилактика;
18: 00 да: Ҳаваскор шоира Ойбегим Қуёшбек қизи ўзининг «Ҳм-м… Савил-эй» деб номланган янги шеърини шеърият мухлисларига ҳавола этади;
18: 30 да: Қандли диабет хасталигини бартараф этиш масаласига бағишланган«Шакарим» кўрсатуви эфирга чиқади. Кўрсатувда тиббиёт фанлари номзоди Асалхон Орзуқиловна иштирок этади;
19: 30 да: «Сиз уй ҳайвонларини севасизми?» кўрсатувини томоша қилинг. Кўрсатувни хорижлик етук мутахассис Ким Сен Ит хоним олиб боради;
20: 30 да: «Сувараклардан қандай қутулай?..» Бу кўрсатувда профессор Стас Саранчаевнинг қимматли маслаҳатларини тинглайсиз.
22: 00 да: Отарчилар ҳаётига бағишланган «Томсувоққа хушим йўқ» таҳлилий кўрсатувини эътиборингизга ҳавола этамиз. Кўрсатув давомида айнан отарчиларимизнинг жонли қўшиқларидан ҳам тинглаш бахтига мушарраф бўласиз.
01: 00 да: Уйқусизлик касалига йўлиққанлар учун «Хайрли тонг, хайрли тонг ва яна хайрли тонг… Ёки Олимтой, қўрадаги қўйлар нечтайкин?» ҳажвий тележурналимизни мириқиб томоша қилинг.