Исроил ҲАМАС томонидан фойдаланадиган туннелларни сув билан бостириш учун насос тизимини ўрнатди. Бу ҳақда The Wall Street Journal АҚШ ҳукуматининг номи ошкор этилмаган амалдорларига таяниб ёзмоқда. Уларга кўра, ноябр ойи ўрталарида ЦАХАЛ Аш-Шати қочқинлар лагеридан тахминан 1,5 километр узоқликда бешта насос ўрнатишни якунлаган. Уларнинг кучи бир неча ҳафта ичида ер ости туннел тармоғини сув билан тўлдириши учун етарли.
ҲАМАС узоқ йиллардан буён ҳарбий мақсадларда кенг кўламли ер ости туннеллари тизимидан фойдаланиб келади. 7 октябр куни Исроилга ҳужум пайтида жангарилар улардан Исроил ҳудудига бостириб киришда фойдаланган. ҲАМАС туннелларда ҳали ҳам исроиллик гаровга олинганлар борлигини даъво қилмоқда.
Маълумотларга кўра, Ғазо сектори остида умумий узунлиги 500 км гача бўлган туннелларнинг кенг тармоғи мавжуд.