Бугун 18 май, 2024 йил, шанба

O'ZB

WBO Oriental камари соҳиби Олимжон Назаров ҳамда Абдурасул Исмоилов тарозидан ўтишди, бугун Кореяда жанг!

WBO Oriental камари соҳиби Олимжон Назаров ҳамда Абдурасул Исмоилов тарозидан ўтишди, бугун Кореяда жанг!

Бугун Корея Республикасининг Гоҳёнг шаҳридаги "Paryeong Gymnasium" мажмуасида навбатдаги профессионал бокс кечаси ташкил этилади.

Биз учун аҳамиятлиси, "Cocky Buffalo" промоутерлик компанияси томонидан ўтказилаётган ушбу проф бокс оқшомида икки чарм қўлқоп устамиз Олимжон Назаров ва Абдурасул Исмоилов ҳам рингга кўтарилади. Боксчиларимиз бугунги жанг олдидан тарозидан муваффақиятли ўтиб олишди. Улар белгиланган вазн меъёрини бажаришди.

Ўта енгил вазн тоифасида WBO Oriental камари соҳиби бўлиб турган Олимжон Назаров (30-5-0)га таиландлик Саравут Жиамтонг (11-4-0) рақиблик қилади. Ўн икки раундга мўлжалланган жанг ўта енгил вазн тоифасида вакант бўлиб турган WBO International камари учун кечади. Бугунги жангдаги ғалаба орқали Олимжон ўз камарлари сонини 2 тага етказиб олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 38 ёшли Олимжон Назаров сўнгги жангини 13 январь куни Вулан Туолеҳазига қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонган эди.

Бугунги бокс оқшоми доирасида енгил вазн тоифасидаги профессионал боксчимиз Абдурасул Исмоилов (11-2-0) ҳам рингга чиқади. Ҳамюртимизга филиппинлик 26 ёшли Ал Тоёгон (14-9-2) рақиблик қилади. Ушбу жанг 8 раунд этиб белгиланган. Исмоилов сўнгги жангини 13 январь куни Вейвей Льюга қарши ўтказиб, нокаут билан ғалаба қозонган эди.

Киритилди: 14:36 05.05.2024. Ўқилди: 534 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!