Бугун 27 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Вучич очлик эълон қилиши мумкин

Вучич очлик эълон қилиши мумкин

Сербия собиқ президенти мамлакатнинг янги ҳукумати уни ҳибсга олса, очлик эълон қилишини ва шифокорлар ёрдамидан бош тортишини билдирди.

"Очлик эълон қилишим фақатгина вақт масаласи. Агар буни бошласам, орқага йўл бўлмайди, чунки шифокорларга менга ҳар қандай ёрдам кўрсатишни ёзма равишда тақиқлаб қўяман", — деди Александр Вучич.

Вучичнинг бу баёноти полиция Informer нашри ва телеканали эгаси ҳамда бош муҳаррири Драган Вучичевични қўлга олганидан сўнг янгради. Мазкур оммавий ахборот воситаси узоқ йиллар давомида Вучич ва унинг “Сербия тараққиёт партияси”ни фаол қўллаб-қувватлаб келган.

Белград прокуратураси буйруғи билан ҳибсга олинган Вучичевич такроран ваҳима ва тартибсизликлар келтириб чиқариш ҳамда адолат қарор топишига тўсқинлик қилишда гумонланмоқда.

Ҳозирда парламентдаги мухолиф фракциясига раҳбарлик қилаётган Вучич журналистнинг ҳибсга олинишига ҳеч қандай қонуний асос йўқлигини айтди. У янги ҳокимиятни ўзининг “овозини ўчириш”га уринишда айблаб, янги парламент кўпчилигини иккиюзламачиликда ва ўз даврида яратилган сиёсий тизимдан фойдаланишда айблади.

Бу ҳибсга олишлар 25 октябр куни бўлиб ўтган парламент сайловларида Вучич партияси мағлубиятга учраганидан кейин бошланган кенг кўламли текширувлар фонида юз бермоқда.

Ҳукуматга қарши қарийб икки йил давом этган норозилик намойишларига бошчилик қилган талабалар ҳаракатини ифодаловчи “Талабалар рўйхати” парламентдаги 250 ўриндан 140 тасини қўлга киритди. Вучич бошчилигидаги коалиция 103 та, миллий озчилик партиялари эса 7 та ўринга эга бўлди.

Вучич ва унинг сафдошлари талабалар ҳаракатини сиёсий қасос олишда айблаб, содир бўлаётган воқеаларни “инқилобий террор” кампанияси деб атамоқда. Сайловчилар эса янги ҳукуматдан ваъда қилинган ислоҳотларни амалга оширишни, коррупсия ҳолатларини тергов қилишни ҳамда амалдорларнинг уюшган жиноятчилик билан алоқаларига чек қўйишни кутмоқда.

Киритилди: Бугун 07:45. Ўқилди: 296 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар