Вьетнамда “Матмо” тўфони сабаб бўлган кучли ёмғир ва сув тошқини оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳатланди, дея хабар беради Синьхуа ахборот агентлиги.
Мамлакат табиий офатларга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, 15 700 дан ортиқ уй сув остида қолган, 400 дан ортиқ уй зарар кўрган. 14,6 минг гектардан ортиқ шоли ва бошқа қишлоқ хўжалиги ерлари ҳам сув остида қолган.
Бундан ташқари, 97 мингдан ортиқ чорва ва паррандаларни сел сувлари олиб кетган. Мамлакатнинг шимолий ва марказий қисмидаги тоғли вилоятлардаги 602 та ҳудуд сув остида қолган, кўчкилар туфайли транспорт ҳаракати чекланган.
Вьетнам бош вазири Фам Мин Трин фавқулодда директива чиқарди, унда сув тошқинлари ва кўчкиларнинг олдини олиш ва зарар кўрган ҳудудларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирди.