Киев қарори билан Россиянинг «Лукойл» нефтининг Украина орқали транзити тўхтатилиши сабабли Венгрия бир неча ҳафта ичида ёқилғи-энергетика инқирозига дуч келиши мумкин.
Бу фикрни Шарқ тадқиқотлари маркази таҳлилий маркази ходими Илона Гизинска шанба куни Politico учун чоп этилган материалида билдирди.
«Украина чоралари жиддий вазиятни келтириб чиқариши мумкин», деди эксперт. Унинг фикрича, агар Будапешт мавжуд вазиятни ҳал қила олмаса, бир неча ҳафта ичида Венгрия аҳолиси «энергиянинг юқори нархлари ва электр тақчиллигига» дуч келиши мумкин. Нашрнинг ёзишича, Россия нефтининг Венгрия энергия балансидаги улуши 70 фоизга етади.