Бугун 17 июнь, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Ваъда қилинган вақтда қарзни қайтармаслик...

A A A
Ваъда қилинган вақтда қарзни қайтармаслик...

«Қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қарз шартномаси пул ёки ашёлар топширилган пайтдан бошлаб тузилган ҳисобланади.» Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, 732-модда.

Кейинги йилларда жисмоний ҳамда юридик шахслар ўртасида қарз муносабатлари билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларнинг тобора ортиб бораётганлиги, шу ўринда, ушбу муносабатлар натижасида турли низоларнинг келиб чиқаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Судларда қарз ва қарздорликни ундириш ҳақидаги даъво аризаларининг кўплаб келишини кузатар экансиз, ўзаро муносабатга киришган бир тарафнинг у ёки бу сабабларга кўра зиммасига олган мажбуриятини бажармаётганлиги оқибатида, иккинчи тарафда судга мурожаат қилиш орқали муаммосини ҳал этиш зарурати пайдо бўлаётганлигига амин бўласиз.

Тилхат асосида олинган қарз суммасини ёки муайян бир ашёларни, шунингдек, маълум бир тадбиркорлик субъектидан қарзга сотиб олинган маҳсулотларнинг қийматини келишилган вақтда қайтариш, кредит суммасини графикда белгиланган муддатларда банкка қайтариш ҳақидаги даъволарнинг кўпайиши ўз навбатида суд қарорларининг ҳамда ушбу қарорлар асосида олиб бориладиган ижро ҳаракатларининг сони ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Одил судловни амалга ошириш жараёнида судлар томонидан судларда кўрилаётган муайян тоифадаги ишларни кўриш бўйича суд амалиёти таҳлил қилиниб, доимий равишда ўрганиб борилади.

Хусусан, ўрганишлар жараёнида «қарз» ва «қарздорлик» тушунчаларининг мазмунан ўзаро ўхшаш бўлганлиги ҳолати, иш одатлари ва жисмоний шахслар ўртасида мавжуд муомала шартларида ҳар қандай мажбурият юзасидан келиб чиққан, жавобгардан даъвогар фойдасига берилиши (қайтарилиши), унинг фойдасига бажарилишини назарда тутган ҳаракатларни «қарз» мажбурияти сифатида талқин қилиниши судларда даъвогарларнинг турли мазмундаги (хусусиятдаги) муносабатлардан келиб чиққан мажбуриятларни «Қарз ундириш ҳақида»ги даъво аризаси киритиш орқали ҳал этиб бериш талаби билан мурожаат қилаётганликларини кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолат судларда ушбу тоифадаги ишларни кўришда амалдаги қонунчилик нормаларини, хусусан, моддий ҳамда процессуал қонун талабларини аниқ тушуниш ва тўғри талқин қилиш, ишларни ҳал этишда тарафлар ўртасида вужудга келган ҳуқуқий муносабатларнинг турини аниқ тавсифлаш ва далиллар орқали уларга баҳо бериш, «қарз» ва «қарздорлик» тушунчалари орқали даъво қилинган талабларнинг ҳақиқатда қарз муносабати эканини аниқлашда алоҳида масъулият талаб қилади.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида судларда қарз ундириш билан боғлиқ жами 1592 та фуқаролик иши кўрилган.

Бу судлар томонидан кўрилган жами ишларнинг 5,6 фоизини ташкил этади ва бу тоифадаги ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1.268 та ёки 79,6 фоизга кўпайган.

Фуқаролик қонунчилигида «мажбурият» деган тушунча мавжуд бўлиб, унга кўра мажбурият — фуқаролик ҳуқуқий муносабати бўлиб, унга асосан бир шахс (қарздор) бошқа шахс (кредитор) фойдасига муайян ҳаракатни амалга оширишга, чунончи: мол-мулкни топшириш, ишни бажариш, хизматлар кўрсатиш, пул тўлаш ва ҳоказо ёки муайян ҳаракатдан ўзини сақлашга мажбур бўлади, кредитор эса — қарздордан ўзининг мажбуриятларини бажаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қарз шартномаси ҳам мажбуриятларнинг бир тури бўлиб, бу шартнома тарафлар ўртасида қарз муносабатлари вужудга келганлигини кўрсатади.

Фуқаролик кодексининг 733-моддасига кўра, фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт, шартномадаги тарафлардан бири юридик шахс бўлганида эса суммасидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт.

Агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

«Фалончига қарз берган эдим, бироқ, у қарзини қайтармади», «Танишимга маҳсулот сотган эдим, аммо, у маҳсулот пулини бермади, мендан қарз бўлиб қолди», «Ички ишлар идорасида мендан қарзи борлигини тан олиб, тушунтириш хати ёзиб берган, ҳақиқатдан қарзи бор» деган важлар судларда даъвогарлар томонидан келтириладиган важлар орасида энг кўп учрайдиганларидан бири ҳисобланади.

Ишларни кўриб чиқиш давомида аксарият ҳолларда тарафлар ўзаро қарз муносабатларига киришаётган вақтда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этмасликлари, хусусан, белгиланган суммадан ортиқ суммага нисбатан қарз шартномаси тузилаётганида, шартномани оддий ёзма шаклда тузиш, яъни тилхат ёзиб бериш ёинки қарз суммасининг қарз берувчидан қарз олувчига топширилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тузиш каби ҳаракатлар бажарилмаганлиги, ҳолат гувоҳларнинг иштирокида амалга оширилмаганлиги, охир оқибат ҳар икки тарафнинг ўзини ҳақ эканлигини исботлашда бирор-бир арзирли далил тақдим эта олмасликларига гувоҳ бўлиш мумкин.

Нотариал идорада қарз шартномасини тузиб, белгиланган тартибда расмийлаштириш мумкин эканлигини кўпчилик билмайди, менимча. Балки, ортиқча чиқимдан қочиш мақсадида бу идорага мурожаат қилинмайди.

Тилхат ёзилмаганлиги натижасида қарз берувчи пулини ундириш масаласида Ички ишлар идораларига мурожаат қилганида суриштирувчи, терговчи тарафларнинг ва гувоҳларнинг тушунтиришларини олиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб якуний қарор чиқаради.

Аксарият ҳолларда ушбу орган қарорида иккинчи тарафнинг

хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги сабабли жиноят ишини қўзғатиш рад этилганлиги баён қилинади ва аризачига мазкур масалада фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Бироқ, бу ҳолат ҳар доим ҳам даъво талаби қаноатлантириб берилишини англатмайди.

Суд ишни кўриб чиқиш давомида тарафлар ўртасида ҳақиқатдан ҳам қарз муносабатлари вужудга келган-келмаганлиги, бу ҳолатни тасдиқловчи далиллар бор-йўқлигини текширади, бу бўйича бир тўхтамга келади.

МИКРОҚАРЗ ШАРТНОМАСИНИ ЭШИТМАГАН ОДАМ БЎЛМАСА КЕРАК

Бу ҳам қарз шартномасининг бир тури бўлиб, унга кўра бир тараф иккинчи тарафга муайян суммани маълум бир даврда бўлиб-бўлиб қайтариш шарти билан қарзга беради. Бунда албатта берилган қарздан фойдаланганлик учун фоизлар тўлаш назарда тутилади.

Юртимизда микроқарз шартномаси орқали жисмоний шахсларга қарз бериш фаолияти билан шуғулланувчи бир нечта тадбиркорлик субъектлари мавжуд бўлиб, охирги пайтларда судларда уларнинг қарз суммасини ундириб бериш ҳақидаги даъво талаблари ҳам сезиларли даражада кўпайган.

Ишни судда кўриб чиқиш вақтида қарз олувчи ҳақиқатдан ҳам шартнома тузилиб, қарз олганлигини тан оладию, бироқ моддий томондан қийналганлиги ва ортиқча даромадга эга эмаслигини важ қилиб, қарзни ўз вақтида қайтариб бериш имконияти йўқлигини баён этади.

Шунингдек, фоизлар миқдори анча юқори эканлигини рўкач қилиб, шартнома тузишда адолатсизлик бўлганлигидан норози бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 735-моддасига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

Мазкур кодекснинг 354-моддасига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хўш, шундай экан, жавобгар шахс шартнома тузиш вақтида ўз эрки ва иродасига асосан ҳаракат қилган ёки бирор-бир шахс уни шартнома тузишга мажбурлаганлиги ҳолатини қандай аниқлаш мумкин бўлади?

Бундай вазиятларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг қарорлари ёки суднинг ҳукми мазкур масалага ойдинлик киритишга ёрдам беради.

Яъни, қарз олувчи шахс – фуқаролик иши бўйича жавобгар шартнома мажбурлов ёки қўрқитиш натижасида тузилганлиги, шартнома тузишда ўз хоҳишига қарши ҳаракат қилганлиги ҳолатини тасдиқловчи далиллар (қарорлар)ни судга тақдим этиши керак бўлади.

Фуқаролик судларига берилаётган даъво аризаларнинг салмоқли қисми қаноатлантирилиб, даъво қилинган қарз суммасини жавобгардан даъвогарга ундириш белгиланади ҳамда суд қарори қонунчиликда белгиланган тартибда ижро қилиш учун тегишли ижро бўлимларига юборилади. Даъвогарларнинг бузилган ҳуқуқлари суд орқали тикланади.

Тўғри, суднинг қарори жавобгар, яъни қарздорга ёқмайди. Лекин, қарз олган шахс маълум вақт ўтиб, олинган қарзини қайтариб бериши кераклигини, акс ҳолда, бу мажбурият суд қарори асосида ўзининг зиммасига юклатилишини эсда тутмоғи лозим бўлади.

Фуқаролик суд ишларини юритиш тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги асосида амалга оширилади.

Жавобгар амалда қарз олмаганлиги, олинган қарз суммасини даъвогарга қайтариб берганлиги ёхуд даъво талабини инкор этувчи бошқа далилларни келтириш ҳуқуқига эга бўлиб, даъвогарнинг даъво талаблари ўз исботини топмаган ҳолларда суд даъвони рад этади.

Оддий қилиб айтганда, жисмоний ва юридик шахслар ўзаро қарз муносабатларига киришаётганида Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига риоя этишлари, зарур ҳолларда малакали ҳуқуқшунос маслаҳатидан фойдаланишлари фойдадан холи бўлмайди.

Ўз хатти-ҳаракатларининг ҳуқуқий оқибатларини олдиндан англаб етиш, шартнома тузишда юзага келадиган ҳуқуқ ва мажбуриятларни вақтида тушуниш тарафлар ўртасида низо келиб чиқишининг олдини олади, қарз муносабатлари бўйича зарур ҳуқуқий маданиятнинг ошишини таъминлайди.

Албатта, «қарз» ва «қарздорлик» тушунчаларини ўзаро фарқлай олиш судларга мазмунан тўғри бўлган, асослантирилган даъво аризалари киритилиши ҳамда ишни мазмунан тўғри ҳал этилишига замин яратади, фуқароларда ўзаро тушунмовчилик ва норозилик кайфияти юзага келишининг олдини олади.

Зеро, ўзганинг ҳаққини ўзлаштириб олиб, ваъда қилинган вақтда қарзни қайтармаслик вақти келиб жавобгарликка сабаб бўлади, оилада, рўзғорда қут-барака йўқолишига замин яратади.

Нодир Сулайманов, Фарғона вилоят судининг

фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Киритилди: 11:39 09.11.2022. Ўқилди: 8524 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!