Президент қарори билан 10 та фаолият тури ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.
Мазкур тартиб жорий йилнинг 1 ноябридан амал қилади ҳамда унга қуйидагилар киритилган:
- уй ҳайвонлари (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар) бозорларида воситачилик хизмати;
- автомобиль бозорларида воситачилик хизмати;
- риелторлик хизматини кўрсатиш (ижарага уй топиб бериш, уй сотиб олиш ва сотишга кўмаклашиш);
- уйда сут ва сут маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш хизмати;
- маиший буюмларни ижарага бериш хизмати (стол-стул, идиш-товоқ, асбоб-ускуна ва бошқалар);
- гипс ва ганчдан буюмлар ясаш (уй жиҳозлари, эртак қаҳрамонлари ҳайкалларини ясаш);
- тош ва тош маҳсулотларидан ёдгорлик, сувенир ва декоратив буюмлар тайёрлаш;
- ёғоч маҳсулотларидан сават, нон маҳсулотлари учун махсус идиш ва бошқа буюмларни тўқиш;
- уй шароитида пилла етиштириш, шахсий томорқа ер участкасида тут меваси, ниҳоли ва кўчатини етиштириш, уйда ипак мато, ипак гилам тўқиш ва сотиш;
- кулолчилик.
- Жорий йилнинг 1 ноябрдан бошлаб томорқа ер участкалари эгаларини кооперация ва касаначилик асосида иш билан банд қилган тадбиркорларга қуйидагиларни харид қилиш ҳамда кейинчалик томорқа ер эгаларига тақдим этиш учун субсидия ажратилади:
- парранда (товуқ, бедана, ўрдак, ғоз, курка), паррандани сақлаш учун катак, озуқа еми ҳамда дори воситалари;
- узум кўчати ва ток сўриси;
- асалари оиласи, асалари уяси учун қути ҳамда озуқа еми;
- қуён, қуён катаги ва озуқа еми;
- балиқ чавоқлари, сунъий ҳовуз ва озуқа еми.
Маблағлар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.
Шунингдек, 2023 йилдан якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар учун ижтимоий солиқ суммасининг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50%идан йилига БҲМнинг бир бараваригача камайтирилади.
Бунда савдо мажмуалари ва бозорларда фаолият юритаётган якка тартибдаги тадбиркорлар билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар назарда тутилмаган.
2023 йилдан ўзининг шахсий томорқа ер участкасида қуйидаги фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқаролар томонидан йилига БҲМнинг камида 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўланган тақдирда, улар расмий банд бўлган аҳоли тоифасига киритилади ва ушбу давр уларнинг меҳнат стажига қўшилади:
- чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар);
- иссиқхона;
- паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак);
- қуёнчилик;
- асаларичилик;
- балиқчилик;
- боғдорчилик;
- лимончилик;
- гулчилик.