Марказий банкнинг маълумотларига кўра, 1 февраль ҳолати бўйича Ўзбекистоннинг халқаро захиралари 34,3 млрд долларни ташкил қилмоқда.
Халқаро захиралар 2020 йил якунидан сўнг бирданига ошган эди, бироқ яна камайишни бошлади. Шундай бўлса-да, Марказий банк ҳисоботига кўра, сўнгги бир ой давомида олтин захиралари 0,3 млн унцияга (9 тоннага яқин) ошган. Халқаро захираларнинг камайишига эса хорижий валютадаги активларнинг 700 млн доллар миқдорда камайиши сабаб бўлган.
Ўзбекистон халқаро захиралари халигача яхши диверсификация қилинмаган, яъни, деярли барча захиралар икки хил кўринишда — олтин ($20,2 млрд) ва хориж валюталарида ($13,7 млрд) сақланади. Ушбу масалани АҚШ ғазначилик облигацияларини сотиб олиш орқали ҳал қилиш режалаштирилмоқда.
Олтин-валюта захиралари мамлакат учун «ҳимоя ёстиқчаси» ҳисобланади. Ўзбекистоннинг амалдаги захиралари 20 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли ҳисобланади.
Халқаро ташкилотлар ривожланаётган давлатларга 3 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли захираларни сақлашни тавсия қилган.