Бугун 19 апрель, 2025 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистонлик қизларни Туркияда фоҳишаликка мажбурлаган аёл қўлга олинди

Ўзбекистонлик қизларни Туркияда фоҳишаликка мажбурлаган аёл қўлга олинди

Туркияда икки нафар ўзбекистонлик қизни интим хизматлар кўрсатишга мажбурлаган аёл ушланди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати.

Олмалиқ шаҳрида яшовчи икки қизга Туркиядаги Шаҳноза исмли таниши уларни ушбу давлатга юбориши, ўзи кутиб олиши ва яхши даромад топишларига ёрдам беришини айтган. Аёл уларни юз уқалови йўналишида иш борлиги билан ишонтирган ҳамда Туркияга бориш учун авиачипта ва бошқа моддий харажатларни қоплаб берган.

20 ёшли икки қиз 6 февраль куни Тошкент халқаро аэропорти орқали Анқара шаҳрига, сўнг Конья вилоятига етиб борган. Уларни кутиб олган уч нафар шахс (Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари) шу заҳотиёқ қизларнинг паспортларини олиб қўйган.

Шундан сўнг уларни интим хизматлар кўрсатувчи хонадонга олиб бориб, эркакларга интим хизмат кўрсатишга мажбурлаган. Қизлардан бири бунга рози бўлмагани учун калтакланган ва унга руҳий ҳамда жисмоний тазйиқ ўтказилган. Уларни ёпиқ шароитда сақлаб, такрорий қаршилик кўрсатишса, ўлдириш билан таҳдид қилишган, дейилади хабарда.

12 февраль куни воқеа юзасидан олинган маълумотга асосан Тошкент вилояти ИИББ тезкор ходимлари, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Туркия Республикаси ҳуқуқ тартибот органлари билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар давомида қизларни Ўзбекистонга қайтарилишига эришилган. Улар зудлик билан реабилитация марказига жойлаштирилган.

Шунингдек, қизларни алдаб чақиртирган ва уларни шаҳвоний ишларга жалб қилган шахслар Туркияда ҳибсга олинган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон фуқароси Ш. Ж.га (аёл) нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш чоралари кўрилмоқда.

Киритилди: 15:58 06.03.2025. Ўқилди: 1527 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!