Бугун 9 май, 2025 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистонлик жангчиларнинг II жаҳон уруши жанггоҳларидаги жасоратлари

Ўзбекистонлик жангчиларнинг II жаҳон уруши жанггоҳларидаги жасоратлари

Кўпчилиги учун ўзи туғилиб ўсган ватанидан анча узоқда бўлган икккинчи жаҳон уруши жанг майдонларида ўзбекистонлик жангчилар ёвуз душманган қарши кураш олиб бориб тилларда достон бўладиган қаҳрамонлик намуналарини кўрсатдилар.

Маълумотларга кўра иккинчи жаҳон урушига Ўзбекистондан 1 млн 433.230 киши сафарбар этилган. Бу урушга яроқли аҳолининг 50-60 фоизини ташкил этарди. Бу урушда мамлакатимиз ўғлонларининг фашист босқинчиларига қарши олиб борган курашида уларнинг матонати ва енгилмаслигини бутун жаҳонга намойиш этган бир қанча жанг майдонлари бўлган. Ана шундай жанг майдонларидан бири Брест қалъаси эди. Бу қалъани кўп сонли фашист газандаларининг бир ой давомида қутуриб қилган хужумларидан мрдонавор ҳимоя қилиб, пировардида барча ҳалок бўлган жангчилар ичида бир неча ўзбек ўғлонлари ҳам бор эдилар. Булардан бири сержант Дониёр Абдуллаев эди. У душманнинг қалъага қилган ҳужумларидан бирида 4 немисни ўлдириб ўзи ҳам ҳалок бўлади. Брест қалъасини ҳимоя қилишда ўзларининг жасорати билан донг таратган Ўзбекистонлик жангчилар ҳақида гап кетганда Т.Алиев, Исаев, Юсупов, Т.Хидиров, Н.Содиқов, А.Абдуллаев ва бошқа номларни алоҳида тилга олмоқ керак бўлади.

Ўзбекистонлик жангчилар , унинг қуролли кучлари оғир кечган Киев, Смоленск, Одесса, Севастопол ва бошқа кўплаб шаҳарларнинг ҳимояларида, бу шаҳарлар остоналарида кечган тарихий жангларда иштирок этдилар.

Москва остоналарида уни ҳимоя қилиш учун олиб борган жангларда И.В Панфилов қумондонлиги остидаги 8 гвардиячи дивизия жангчилари қаҳрамонлик намуналарини кўрсатиб жанг қилдилар. Бу дивизия Қозоғистонда ташкил қилинган бўлиб унинг составида Тошкентдаги пиёда қўшинлар билим юртида таълим олган 180 дан ортиқ офицерлар бор эди. Москва ҳимоясида кўрсатган хизмати учун Олий Бош Қумондонлик томонидан Қизил байроқ ордени билан мукофотланган бу дивизия жангчилари орасида ўзбек ўғлонлари Зариф Ибрагимов, Икром Жалилов, Мамадали Мадаминов ва бошқалар бор эдилар. Москва остоналаридаги жангда жуда кўплаб Ўзбекистонлик жангчилар генераллар Н.А. Белов ва Л.М. Доваторлар қумондонлик қилган отлиқ корпусларида мардлик намуналарини кўрсатиб жанг қилдилар.

Мамлакатимизнинг ўша вақтдаги пойтахти Москва остоналаридаги иккинчи жаҳон урушининг энг қаттиқ жангларида ўзбек ўғлонлари билан бир қаторда ўзбек аёллари ҳам қатнашиб ўз жасоратларини намоён этдилар.

Ана шундай ўзбек аёлларидан бири Зебо Ғаниева Москва остоналаридаги жангларда бир ўзи 28 та фашистни ер тишлатди. Кўрсатган бу жасорати учун у Қизил Байроқ ордени ва Снайпер белгиси билан мукофотланди.

Умуман Москва остоналарида, уни ҳимоя қилиш жангларида кўрсатган жасоратлари учун Ўзбекистонлик жангчилардан 1753 киши «Москва мудофааси учун» медали билан мукофотландилар.

Ўзбекистонлик жангчилар 1942 йилнинг ёзидан 1943 йил баҳоригача Сталинград остоналарида бўлиб ўтган жангларда ажойиб мардлик намуналарини кўрсатдилар.

Снайперчи Абдужаббор Алиқулов 13 гитлерчини, яна бир снайперчи ўзбек уғлони Хўжаматов 117 та пулемётчи Хамро Очилов эса 1500 фашистни қириб ташлайдилар.

Сталинград остоналаридаги жангларда жасоратлари учун 2788 Ўзбекистонлик жангчилар «Сталинград мудофааси учун» медали билан тақдирландилар.

Ўзбекистонлик жангчилар иккинчи жаҳон урушининг Курск –Орёл-Белгород, Ленинград, Кавказ, Болтиқбўйи шаҳарлари, Полша, Чехословакия, Венгрия, Руминия, Югославияда бўлиб ўтган шиддатли жангларда фаол иштирок этдилар. Фақат 1944 йилда Қизил Армиянинг душманга қарши олиб борган умумий хужуми даврида Ўзбекистонлик жангчилардан 78 киши Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди холос...

Ўзбекистонлик жангчилардан 1706 киши «Берлин олингани учун» медали билан мукофотланди. Юртимиз ўғлонлари Японияни тор-мор этишга қаратилган жангларда ҳам актив иштирок этдилар. Ана шу иштироки 6770 жангчиларимизга СССР ордени ва медаллари топширилди.

2 жаҳон уруши фронти жанг майдонларида ўзбек ўғлонларидан Собир Раҳимов, Аҳмаджон Шукуров, Қўчқор Турдиев, Воис Эргашев, Мамадали Топиболдиев, Абдусалом Деҳқонбоев, Тожиали Бобоев, Остонақул Шокиров, Элбой Қорабоев ва бошқа юзлаб марду майдонлар жанг майдонларидаги кўрсатган жасоратлари учун «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвонига эга булиб юртимиз довруғини улуғладилар.

1939-45 йилларда бўлиб ўтган бу урушда Ўзбекистонлик жангчилардан 120 минг киши СССР нинг турли орден ва медаллари билан тақдирланди. Шулардан 300 дан ортиқ кишига Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди.

Шундай қилиб иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон меҳнаткашлари, ўзбекнинг мард ўғил-қизлари фронт орқасида, шунингдек урушнинг даҳшатли жанг майдонларида меҳнат ва жанговарлик жасоратларини кўрсатиб совет халқининг бу урушда эришган умумий ғалабасига ўзининг салмоқли улушини қўшди. 

Киритилди: 16:36 09.05.2021. Ўқилди: 28036 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!