Бугун 22 сентябрь, 2019 йил, якшанба

O'ZB

Ўзбекистондаги "соқолга қарши рейдлар" муҳокама қилинди

Ўзбекистондаги "соқолга қарши рейдлар" муҳокама қилинди

Осиё-Тинч океани ҳудудида сиёсат, жамият ва маданият ҳақида таҳлиллар бериб борувчи халқаро The Diplomat интернет-журналида "Дин, соқол ва Ўзбекистоннинг дунёвий ҳукумати" деб номланган мақола эълон қилинди. 

Мақола муаллифи — Умида Ҳошимова CNA (Channel News Asia) стратегик тадқиқотлар бўлимининг илмий тадқиқотчиси. Евросиё минтақасида лойиҳаларни бошқариш ва тадқиқотлар-таҳлиллар қилиш соҳасида саккиз йиллик тажрибага эга. Mарказий Осиёдаги ҳозирги ҳолат бўйича мутахассис ва Жеймстаун жамғармасига қарашли Eurasia Daily нашрида доимий муаллифлардан бири.

Мақолани Sof.uz таржимасида эътиборингизга ҳавола қиламиз.

"Сўнгги кунлардаги соқолга қарши рейдлар манзарасида Ўзбекистон президенти янги тайинловлар ва сиёсий ўзгаришларни амалга оширди.

Диний масалалар нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда баҳсли мавзу саналади. Ўзбекистон ҳукуматининг дунёвий бошқарувни сақлаб қолиш баробарида минтақа учун ноанъанавий дея кўриладиган баъзи исломий кўринишларни назорат қилишга уриниши жуда ғалати вазиятларни келтириб чиқаряпти.

Охирги шундай воқеа 23 август куни милиция Тошкентда юзга яқин кишининг соқолини олишга мажбурлаганида юз берди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари соқол қўйишни Исломдаги "ваҳҳобийлик" оқими билан боғлайди. Ушбу можародан кейин Ўзбекистонда диний сиёсатни белгилайдиган энг юқори идора – Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти ишдан кетказилди. Гарчи бу ўзгариш соқолни мажбуран олдириш амалиётига боғланмаётган бўлса-да, мамлакат раҳбари ушбу воқеага нохуш муносабатда бўлганини кўрсатади.

Соқолни мажбурлаб олдириш амалиёти ҳақида биринчи бўлиб блогер ва диний китоблар дўкони эгаси Жамолиддин Муҳаммад хабар қилди. У ўзи билан бўлган воқеани батафсил баён қилиб, омма эътиборига тушди. Унинг тасвирлашича, юзга яқин киши милиция бўлимида ушлаб турилган, соқоли мажбурлаб олдирилган, кейин расмга туширилиб, қўйиб юборилган. Муҳаммаджон ўзи билан суҳбатлашган милиция ходимидан нега бу ерда ушлаб турилгани ҳақида сўраганида у "тепадан буйруқ бор" дея жавоб берган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита 58 кишилик ишчи-таркибга эга. Бу қўмитанинг асосий вазифаси мамлакатда виждон ва диний эътиқод эркинлигини таъминлаш. Қўмита Ўзбекистонда диний ташкилотлар тузиш ва уларнинг фаолиятини амалга оширишга рухсат берувчи ваколатли орган саналади. Дин ишлари бўйича қўмитанинг собиқ раҳбари Жасур Акромов ва унинг ўринбосари Нуриймон Абулҳасан 31 август куни ўз ишини тарк этди. Уларнинг иккиси ҳам қўмитада 2018 йил апрелдан бери ишлаб келаётган эди. Нуриймон Абулҳасаннинг янги иш жойи маълум: у энди “соқол олиш тадбирлари”га бевосита алоқадор бўлган Ички ишлар вазирлиги Терроризмга қарши кураш бошқармасида бўлим бошлиғи.

Милициянинг 23 августдаги хатти-ҳаракатидан эҳтимолки безовта бўлган президент Шавкат Мирзиёев 6 сентябр куни Дин ишлари бўйича қўмитага янги сиёсатни ишлаб чиқиш топшириғини берди. Қўмитага виждон эркинлигини таъминлаш бўйича янги сиёсатни ишлаб чиқиш (бу ерда “диний эркинлик” ибораси йўқлигига эътибор беринг) ва бошқа ҳукумат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликда диний ва маънавий мувозанатни ўрнатиш топширилди. Шунингдек, ушбу қўмита зиммасига виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги мавжуд қоидаларга асосланган ҳолда диний масалалар бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Соқол Марказий Осиёда қайта-қайта зиддиятларга сабаб бўлувчи мавзулардан саналади. Бир йилча аввал Ўзбекистон Адлия вазири Русланбек Давлетов “соқол қўйиш ҳар кимнинг шахсий қарори ва бу фақатгина меҳнат шартномасига кўра тақиқланиши мумкин”лигини айтганди. Бошқа томондан, қарийб айни ўша вақтда Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармаси раҳбари Рустам Жўраев “соқол қўйиб юриш қонунан тақиқланмаган”лигини билдириб, айни пайтда “бу ҳар бир оилада бериладиган тарбияга боғлиқ”лигини таъкидлаганди.

Бундай қарама-қарши фикрлар ҳукумат ичида бўлинишларга сабаб бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган бўлган Ички ишлар вазирлиги одамларнинг соқолини назорат қилиш ва уни куч билан бўлса ҳам олдирмоқчилигини очиқ намойиш қиляпти. Айни пайтда, Адлия вазири сингари шахснинг ташқи кўриниши дахлсиз эканлигини таъкидловчи амалдорлар ҳам бор. Шу вазиятда Ўзбекистон ичида ҳам, ундан ташқарида ҳам Исломий таълим олган Нуриймон Абулҳасаннинг Ички ишлар вазирлигидаги масъул лавозимга тайинланиши милициянинг мавқеини юмшатишга ҳаракат бўлиши, айни пайтда президентнинг янги буйруғи виждон эркинлигини таъминлаш ва “ваҳҳобийларнинг диний тафаккури тарқалишини назорат қилиш”га уриниш бўлиши мумкин.

Соқолни мажбурлаб олдириш воқеаси Ўзбекистоннинг жорий ҳукумати ўтказаётган ислоҳотлар сиёсатига соя солади. Диний эркинлик ва виждон эркинлиги ўзбек амалдорлари Қўшма Штатлар ёки Европага борганда тез-тез сўраладиган мавзулар сирасига киради. Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда секуляризмни сақлаб қолишни истайди, шу билан бирга жамиятда консерватив диний қарашлар ҳам ўз таъсирига эга. Шунга қарамай, куч билан мажбурлаш ва таҳдид қилиш усуллари бу мақсадга эришиш учун тўғри йўл эмас".

Киритилди: 14:34 10.09.2019. Ўқилди: 3299 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади, ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!