АҚШ Россия, Хитой, Эрон, Шимолий Корея ва Покистонни ядровий қурол билан ҳужум қилишга қодир давлатлар рўйхатига киритди.
Бу маълумот АҚШ ҳукумати разведка ҳамжамиятининг йиллик ҳисоботида келтирилган.
"Хитой, Россия, Шимолий Корея, Эрон ва Покистон ядровий ва анъанавий жанговар каллакларга эга бўлган бир қатор янги, илғор ёки анъанавий ракета етказиб бериш тизимларини тадқиқ қилмоқда ва ишлаб чиқмоқда", дейилади ҳисоботда.
Разведка ҳамжамияти 2035 йилга келиб АҚШга 16 000 дан ортиқ ракеталар таҳдид солишини башорат қилмоқда, бу эса ҳозирги 3000 дан ортиқ ракета даражасига нисбатан анча юқори.
Шимолий Корея бутун АҚШ ҳудудига зарба беришга қодир қитъалараро баллистик ракеталарни муваффақиятли синовдан ўтказди. Ҳужжатда шунингдек, Хитой, Эрон, Шимолий Корея, Покистон ва Россия “Қўшма Штатларга таҳдид солишга қодир илғор ракеталарга устувор аҳамият беришда” давом этиши айтилган.
Разведка ҳамжамияти, ўз навбатида, Россияни “Арктикадаги асосий муаммо” деб атади. Ҳужжатда Россия кучлар мувозанати учун кенгроқ глобал рақобатнинг бир қисми сифатида минтақадаги манфаатларини илгари суришга интилаётгани айтилган.
Ҳисоботга кўра, Хитой Арктикада ўзининг стратегик ва иқтисодий манфаатларини, биринчи навбатда Россия билан муносабатлар орқали илгари суриш учун тегишли саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда.