Бугун 18 май, 2024 йил, шанба

O'ZB

Ўзбекистонда тўқимачилик саноати ва касб-ҳунар таълимини ривожлантириш йўлида ҳамкорлик

Ўзбекистонда тўқимачилик саноати ва касб-ҳунар таълимини ривожлантириш йўлида ҳамкорлик

Кеча пойтахтимизда ўтказилган “Business evenings” тадбирида мамлакатимиз касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга қаратилган мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик учун платформа яратиш масалалари ҳақида сўз борди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти - GIZ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ушбу соҳа вакиллари ва мутахассислар иштирок этди.

Унда қайд этилганидек, тадбир тўқимачилик компанияларини бошқариш, экологик тоза тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, халқаро брендларни жалб қилиш бўйича кўникма ва тажриба алмашишга қаратилган.

Германия халқаро ҳамкорлик жамияти - GIZ Ўзбекистондаги узоқ муддатли фаолияти давомида таълим, саноат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларни ривожлантиришга кўмак кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимини ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш жараёнини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси улардан биридир. Мазкур лойиҳа доирасида юртимизда дуал таълим тизими жорий этилмоқда. Ушбу ташаббус тўқимачилик ва тикув-трикотаж, чарм ва пойабзал соҳаларини жалб қилишни назарда тутади.

–Бугунги кунда ушбу лойиҳа доирасида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси билан биргаликда тўқимачилик саноати вакиллари ва GIZ лойиҳаси мутахассислари ўртасида яна бир мулоқот майдони яратилмоқда. Ўзбекистонда касб-ҳунар таълимини ривожлантиришга қаратилган “Business evenings” тадбирлари ана шундай ўзаро ҳамкорлик имкониятларини яратиб беради. Ушбу ташкил этилган тадбир илк учрашув бўлиб, унда томонлар соҳани янада ривожлантириш нуқтаи назаридан долзарб муаммо ва масалаларни, шу жумладан, меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ саноатни ривожлантиришда биргаликда ишлаш учун корхоналар орасида фикр алмашиш ва истиқболларни муҳокама қилишга эътибор қаратди.

Шунингдек, бу мулоқот майдони Европа бозори билан ишлаш стратегиялари, миллий брендни ишлаб чиқиш ва соҳанинг кадрлар салоҳиятини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга, – деди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ахборот хизмати мутахассиси Нодира Алихонова.

Тадбир якунида иштирокчилар галдаги режалар хусусида ҳам фикр алмашди.

Киритилди: 16:15 04.05.2024. Ўқилди: 518 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!