2023 йил 4 июль куни Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Кинематография агентлиги “Event Hall” тадбирлар залида “Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар: натижалар ва истиқболлар” мавзусида халқаро конференция ташкил этилди.
“Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган мазкур тадбирда қатор халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг ишбилармон доира вакиллари иштирок этди.
Ҳафталик доирасида ўтказилаётган мазкур тадбирдан асосий мақсад — республика тоғ-кон саноатини ривожлантириш истиқболлари ва йўналишлари, соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, потенциал инвестиция имкониятларини намойиш этиш ҳамда халқаро саноат ҳамкорлари ва бошқа манфаатдор томонлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ишларини жадал ривожлантиришдан иборатдир.
“Ўзбекистонда тоғ-кон саноати ва геология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар: натижалар ва истиқболлар”, “Кон-геология тизимининг бугунги ривожланиш босқичи ва истиқболдаги имкониятлар”, “Трансформация йўлида” каби мавзуларида ўтган мулоқот тадбирида сўнгги йилларда республикада олиб борилаётган инвестицион муҳитни яхшилашга доир ислоҳотлар мазмуни ва соҳадаги кенг ўзгаришлар таҳлилига атрофлича тўхталиб ўтилди, тадбир иштирокчилари ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар олдилар.
Ўзбекистон Республикасида минерал-хомашё захираларини ўстириш истиқболлари, қимматбаҳо, рангли ва қора металлар, уран ва кўмир ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда чет эл инвесторлари учун жозибадор инвестиция муҳитини такомиллаштириш ва салмоқли инвестиция лойиҳаларини йўлга қўйиш имкониятлари ошиб бормоқда.
Юртимиздаги ер ости бойликлари потенциали катта. Фойдали қазилмаларнинг ликвид турлари, шу жумладан олтин, кумуш, мис, уран, калий, фосфорит ва каолиннинг минерал захиралари бўйича Ўзбекистон дунёнинг етакчи мамлакатлари ўнлигига киради.
Дунёдаги энг йирик эталон конлар қаторидан ўрин олган Навоий вилоятидаги Мурунтов олтин кони, Олмалиқдаги Қалмоқир мис конлари негизида йилига 100 тоннадан ортиқ олтин, 150 минг тонна мис, 4 минг тонна уран ишлаб чиқариш натижасида, Ўзбекистон тоғ-кон ва металлургия соҳасида алоҳида эътиборли мамлакатлар қаторидан ўрин олган.
Мис кластери ташаббуси мисол сифатида олинадиган бўлса, бунда дастлабки геология-қидирув ишларидан тортиб, яъни кейинги 5 йилда 730 тонна олтин ва 1,5 млн тонна мис захираларини ўстириш билан бирга, Олмалиқда янги топилган Ёшлик кони негизида 200 млн тонна рудаларни қайта ишлаш ҳисобига мис маҳсулоти ишлаб чиқариш хажмини йилига 500 минг тоннага етказиш мега-лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Сўнгги йилларда кенг ислоҳотлар, хусусан инвестиция қонунчилиги такомиллашуви, кон-геология соҳасидаги солиқ ислоҳотлари, молия бозорлари либераллашуви, институционал ўзгаришлар юз берди. Булар ўз навбатида инвесторлар учун капитал ва молиявий имкониятлардан кенгроқ фойдаланиш, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, инвестицион фаолиятда шаффофликни оширишга замин яратиб, асосийси ишонч ва барқарорлик муҳитини вужудга келтирди.
Мазкур ислоҳотлар ва инвесторлар учун қулай шароитлар такомиллашуви мисоли сифатида, асосий фойдали қазилмалардан бўлган олтин, кумуш, мис ва уран қазиб олиш учун солиқлар (роялти) 15 фоиздан 7 фоизга, вольфрам ва бошқа металлар учун 2,5 фоизгача пасайтирилди.
Бундан ташқари, геология-қидирув ишларини ўтказиш босқичида ер қаъридан фойдаланувчилар ер солиғидан озод этилиб, замонавий техника ва технологияларни олиб киришида бир қатор божхона имтиёзлари тақдим этилмоқда. Бу ўз навбатида кон-геология соҳасига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар салмоғини ошириб, тегишли геологик хизматлар бозори ҳамда Жуниор майнинг, яъни соҳада кичик ва ўрта бизнеснинг кенг ривожига туртки бўлмоқда.
Ҳозирда соҳада инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 3,5 млрд доллардан зиёд лойиҳалар, хусусан олтин бўйича Канаданинг B2Gold ва Туркиянинг MTA ҳамда Calik Holding компаниялари, уран бўйича Франциянинг ORANO ва Япониянинг JOGMEC корпорациялари каби хорижий ҳамкорлар билан истиқболли лойиҳалар йўлга қўйилгани ислоҳотларнинг маҳсули сифатида эътироф этилмоқда.
Шунингдек, янги инвестициявий таклифлар сифатида жорий йилда шаффоф тамойиллар асосида 10 та стратегик қазилма конлари, 40 та олтин изловчилар учун участкалар ҳамда 500 дан ортиқ норуда кон ва майдонлари электрон аукцион орқали тадбиркорларга тақдим этилади.
Тоғ-кон саноати ва геология соҳаси янги марралар сари интилмоқда. Соҳа мулоқот ва янги билимларни эгаллаш учун очиқ ҳамда ўз фаолиятида илғор тажриба ва инновацияларни қўллашга, ҳамкорлар билан янги ишланмаларни тадбиқ этишга ва мамлакат равнақи учун ҳисса қўшишга тайёр ва шижоат билан интилади.