Бугун 19 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Ўзбекистонда илк вақф меҳмонхонаси очилди

Ўзбекистонда илк вақф меҳмонхонаси очилди

Сурхондарё вилоятида Ҳаким Термизий зиёратгоҳи яқинида зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида янги меҳмонхонанинг очилиш маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда «Вақф» хайрия жамоат фонди матбуот хизмати.

Меҳмонхонани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу қадамжога зиёратлари доирасида очиб берган. Тадбирда, шунингдек, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, «Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Ҳалилов ва вилоят бош имом-хатиби Алиакбар Сайфуддинов иштирок этган.

Қайд этилишича, янги меҳмонхонада зиёратчилар учун барча қулайликларга эга шарт-шароитлар яратилган бўлиб, замонавий услубда жиҳозланган. Мазкур меҳмонхона 70 ўринга эга бўлиб, юқори хизмат кўрсатувчи қулайликларга эга люкс ҳамда ярим люкс хоналарни ўз ичига олади. Меҳмонхона ҳудудида 1 та чойхона ва 1 та ресторан мавжуд. Бу эса ҳам дам олувчилар, ҳам йўловчилар учун хоҳлаган вақтда келиб тановул қилиш имкониятини яратади.

Меҳмонхонанинг Тошкент—Термиз халқаро магистрал йўлининг ёнида эканлиги унинг яна бир жиҳати сифатида қайд этилган. Бу Исо Термизий, Султон Саодат, Кампиртепа, Фаёзтепа ҳамда Ҳаким Термизий зиёратгоҳ ва тарихий ёдгорликларига тез фурсатда етиб олиш имконини беради.

Шунингдек, очилиш маросимида вилоятдаги 30 нафар жисмоний имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачалари топширилган.

Меҳмонхонада мусулмон сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир хонага Қуръони карим, жойнамоз қўйилиши ва қибла кўрсаткичи ўрнатилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, келажакда меҳмонхонани ҳалол стандартига мос ҳолатга келтириш кўзда тутилган.

Меҳмонхона фаолиятидан келиб тушган маблағлар вақф мулкларини тасарруф этиш ҳамда хайрия мақсадлари учун ишлатилиши айтилган.

Киритилди: 16:23 14.10.2019. Ўқилди: 2556 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!